Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пахта саноати истиқболлари
2017-07-03 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига кўра пахтачилик соҳасини ривожлантирши бўйича ўз олдига янги вазифа ва марраларни белгилаб олгани таъкидланди. Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасида пахтачилик соҳасини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унда соҳа корхоналарини модернизация қилиш, маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш бўйича бажариладиган ишлар ва аниқ вазифалар белгилаб олинган.
Холдинг компания анъанавий сотув бозорларида ўзбек пахтасининг мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида Халқаро пахта уюшмаси, Бремен пахта биржаси ва бошқа қатор йирик пахта ассоциацияси ва биржаларига аъзо бўлган. Покистон, Индонезия, Вьетнам каби янги бозорларни ўзлаштирди. Кўрилган тизимли саъй-ҳаракатлар самарасида 2016 йилги мавсумда "олий" ва "яхши" синфларидаги толанинг умумий пахта ҳосилидаги улуши 92 фоизни ташкил этди.
Пахта толасини таснифлашнинг миллий тизими такомиллаштирилиб, янги сифат ўлчовлари – пахта толасининг паст навлари учун синфлар жорий этилиб, пахта толаси бўйича янги стандарт қабул қилинди.
Жаҳон пахта бозорида ўзбек пахта толасининг рақобатбардошлиги ва харидоргирлигини янада ошириш мақсадида Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда Фарғона ва Жиззах вилоятларида «ВС1» (Пахтани яхшилаш ташаббуси) принципларига асосланган ҳолда пахтачиликни барқарор ривожлантириш стандартини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш борасида музокаралар олиб борилмоқда.
Анжуманда тизимдаги пахта тозалаш заводи, ёғ-мой комбинати ва пахта терминалларида капитал қайта таъмирлаш жараёнида янги авлод ускуналари комплексини ўрнатиш чора-тадбирлари кўрилаётгани қайд этилди. Журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб берди.
Манба: ЎзА