Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Асрий анъаналар бардавом бўлсин
2017-06-30 | Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июнь куни пойтахтимизда ўтказилган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзуидаги анжуманда сўзлаган нутқида ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратди.
"Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала – бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан", деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимизнинг ушбу маърузасида белгилаб берилган муҳим вазифалар, жумладан, ижтимоий-маънавий соҳани янада ривожлантириш, оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини асраш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, қуда-анда бўлиб, бир оиладек яшамоқда, – дейди тумандаги “Жомеъ” масжиди имом-хатиби А.Тўрабеков. – Бугунги кунда дунёда рўй бераётган турли низо ва можароларнинг асосий иштирокчилари, афсуски, ёшлардир. Шундай экан, ёшлар тарбияси, уларнинг юриш-туриши, кимлар билан дўст тутинмоқда, мулоқотда бўлмоқда, нималарга қизиқади, кўнглида қандай ўй-фикрлари бор деган савол ота-оналарнинг, ҳар бир юртдошимизнинг кундалик юмуши бўлмоғи лозим. Шунинг учун давлатимиз раҳбари "Ўз болангни ўзинг асра!" деб, барчамизнинг кўнглимиздаги гапни айтди.
Давра суҳбатида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, бу борада туман маҳаллаларида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.
А.Мусаев, ЎзА
Манба: ЎзА