Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Электрон ҳукумат: ишончли, қулай ва тезкор
2015-03-17 | Технологиялар
Термизда давлат бошқарувида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш масаласига бағишланган ўқув-семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ҳокимлик, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, масъул ходимлари иштирок этди.
Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Иброҳимов ва бошқалар дунёда ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги кунда мамлакатимизда соҳани янада тараққий эттиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 июндаги Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Мазкур ҳужжат асосида ишлаб чиқилган 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури замонавий тармоқнинг хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Вилоятда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси ошиб бораётир. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари "Электрон ҳукумат" тизими орқали маълумот алмашишнинг электрон усулидан унумли фойдаланмоқда. Бу жараёнда коммуникация тармоқлари жаҳон талаблари даражасида техник ва технологик қайта жиҳозланиб, интерактив хизмат кўрсатиш сифати ва сони ортмоқда. "Е-хат" ҳимояланган электрон почтаси ҳамда "E-hujjat" электрон ҳужжат айланиш тизими вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, давлат идоралари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ички ва идоралараро иш юритиш жараёнларини тезлаштиришга хизмат қилмоқда.
– Дастур доирасида бу йил вилоятда 24 янги лойиҳа амалга оширилаётгани бунинг яққол далилидир, – дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги компьютерлаштириш маркази директори Ф.Саидов. – Шунга мувофиқ вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида "Ижро интизоми" ахборот тизими йўлга қўйилмоқда.
Термиз шаҳридаги икки коллежда "Давомат" ахборот тизими пилот лойиҳа сифатида жорий этилаётир. Шаҳар ва туман тиббиёт муассасаларини автоматлаштириш ва бошқариш бўйича махсус ахборот тизимини йўлга қўйиш, ФҲДЁларга аризаларни электрон шаклда тақдим этиш, ягона интерактив давлат хизмати портали орқали фуқароларга биометрик паспорт олиш учун электрон шаклда навбатга туриш каби кўплаб интерактив хизматлар жорий этилади.
Тадбирда "Электрон ҳукумат" марказининг эксперт-маслаҳатчиси, кореялик тажрибали мутахассис Санг Тае Kим томонидан давлат бошқарувида ахборот-коммуникация технологияларининг миллий моделлари, "Электрон ҳукумат" тизимини жорий этишнинг Корея Республикаси тажрибаси бўйича тақдимот ҳам ўтказилди.
Манба: ЎзА