Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коммуникация мутахассисларига эҳтиёж катта
2015-03-17 | Технологиялар
Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида вилоятдаги ахборот технологиялари ва коммуникациялари йўналишидаги таълим муассасалари битирувчилари учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда вилоятдаги соҳага алоқадор йигирмадан зиёд корхона ва ташкилот ўзида мавжуд 200 дан ортиқ иш ўрни билан қатнашди.
Тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва кенг жорий этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Вилоятда бугунги кунда Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ҳамда олти касб-ҳунар коллежида соҳа учун мутахассис кадрлар тайёрланмоқда. Мазкур таълим муассасалари талаба-ёшлари ўқиш давридаёқ вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотларда амалиёт ўтаб, касб кўникмасига эга бўлаётир.
Тадбирда иштирокчилар таклиф этилаётган иш ўринлари, корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди. Иш берувчиларнинг тавсия ва маслаҳатларини олди.
– Ярмаркада вилоятимиздаги кўплаб ташкилотлар фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлдим, – дейди Самарқанд ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ж.Шарипов. – Муҳими, "ЎзИ" Ўзбекистон-Индонезия қўшма корхонаси Самарқанд филиалига мутахассислигим бўйича ишга йўлланма олдим. Бугунги тадбир натижасида ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш имкониятига эга бўлган тенгдошларимнинг барчаси хурсанд.
Меҳнат ярмаркаси давомида юзга яқин ёш ва иш берувчилар ўртасида шартномалар тузилди.
Манба: ЎзА