Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Термизда янги оромгоҳ болалар ихтиёрига топширилди

2017-06-30 | Жамият

Термизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, оромгоҳда таътилни мароқли ўтказаётган ўқувчилар, ота-оналар иштирок этди. 

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Б.Маҳмадалиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук ва юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлар бўлиб улғайиши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлади. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан Термиз шаҳрининг баҳаво жойида, дарё соҳилида бунёд этилган “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ёш авлоднинг ёзги таътилни мазмунли ва мароқли ўтказиши учун барча шароит яратилган. 

Олти гектардан зиёд майдонни эгаллаган оромгоҳ қурилишига 34 миллиард сўм маблағ сарфланди. 200 ўринли оромгоҳда болаларнинг жисмоний чиниқиши, билими ва интеллектуал салоҳиятини ошириши учун сузиш ҳавзаси, футбол, баскетбол, теннис ва бошқа спорт майдончалари, ахборот-ресурс маркази, ёзги амфитеатр, рангли фавворалар бунёд этилди. Маданий ва маънавий-маърифий тадбирларга мўлжалланган тантаналар майдони, турли тўгаракларнинг машғулот хоналари замонавий жиҳозланди. Эртак қаҳрамонлари ҳайкалчалари ўрнатилиб, гулзорлар барпо этилди. 

– Ёшим 66 да, бу ерни ёшлигимдан яхши биламан, – дейди термизлик Мавлуда Жўраева. – Ташландиқ, қамишзор эди. Қисқа вақтда шундай обод ва хушманзара масканга айланибди. Барака топишсин. Тўртинчи синфда ўқийдиган неварам Ёқубжон бугун тенгқурлари сафига қўшилди. Фарзандларимиз учун яратилаётган бундай шароитлар учун давлатимиздан миннатдормиз. 

Жорий йилги мавсумда оромгоҳда мингдан ортиқ бола ёзги таътилни ўтказиши режалаштирилган. Ҳозир бу ерда 200 ўқувчи ҳордиқ чиқариб, хорижий тиллар ва компьютер бўйича билимларини оширмоқда. “Ёш китобхонлар”, “Тасвирий санъат”, “Моҳир қўллар”, “Хореография”, “Жисмоний тарбия ва спорт” каби ўнга яқин тўгарак, 2 мингдан зиёд китоб фондига эга кутубхона болажонлар ихтиёрида. 

Айни пайтда оромгоҳ атрофида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда. Икки қаватли бахшилар мактабида пардозлаш ишлари амалга оширилаётир. 17 гектар майдонда болалар ва катталар учун спорт-соғломлаштириш мажмуаси, турли хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилмоқда. 

Оромгоҳнинг очилиш маросими “Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакати” мавзусидаги маданий-маърифий тадбир ҳамда “Касаба уюшмалари – болаларга” акциясига уланиб кетди. Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг мазмун-моҳияти, самаралари, навқирон авлодга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликларнинг аҳамияти болаларга хос саҳна кўринишлари орқали ифода этилди. Оромгоҳда ҳордиқ чиқараётган ўқувчилар ва санъаткорлар ижросида Ватан, мустақиллик, тинчлик, она ва бахтиёр болаликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради. 

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

 

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться