Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
2017-06-30 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда минтақада ишлаб чиқариш, мавжуд техника ва технологиялардан фойдаланиш, хизмат кўрсатишнинг асосий тармоқларини ривожлантириш, муҳандислик таълимини ривожлантиришда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш тизимини жойларда ташкил этишни янада такомиллаштириш ва сифатини яхшилаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2909-сон қарорига мувофиқ Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали (кейинги ўринларда Тошкент давлат техника университети Термиз филиали деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Тошкент давлат техника университети Термиз филиалининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
транспорт тизимлари ва йўллари ҳамда уларнинг эксплуатацияси, кимёвий технология, бино ва иншоотлар қурилиши ва материаллари, озиқ-овқат технологияси, технологик машина ва жиҳозлар, енгил саноат технологияси, экология ва саноат хавфсизлиги соҳаларида юқори малакали мутахассисларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг илмий-технологик вазифаларини ҳал этишга, илғор хорижий технологияларни синаб кўриш ва жорий этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш ва ишланмаларни амалга ошириш;
хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибасини ва мамлакат иқтисодиёти талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли муҳандислик-техник ва ишлаб чиқариш йўналишлари ҳамда мутахассисликлар бўйича илмий-услубий адабиётларни ишлаб чиқиш;
қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-таълим жараёнига чет эллик мутахассисларни жалб этиш мақсадида техника соҳасидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.
3. Тошкент давлат техника университети Термиз филиалига ҳар йилги талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгилансин.
4. Қуйидагилар:
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалини ташкил этиш, унинг моддий-техник ва илмий-педагогик базасини таъминлаш чора-тадбирлари дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирига, зарур ҳолларда, Тошкент давлат техника университети Термиз филиалининг тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2017 йил 1 сентябргача:
Тошкент давлат техника университети Термиз филиалини танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
Тошкент давлат техника университети Термиз филиалида ўқув-методик жараённинг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув адабиётлари, замонавий ўқув лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин.
6. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Термиз шаҳри, Султон Саодат кўчаси, 288 “а”-уйда жойлашган Термиз давлат университети қошидаги Термиз академик лицейининг бинолари ва иншоотларини ҳудудлари билан Тошкент давлат техника университети Термиз филиалига оператив бошқариш ҳуқуқи билан бепул фойдаланишга бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилаб қўйилсинки, Термиз давлат университети қошидаги Термиз академик лицейи Тошкент давлат техника университети Термиз филиалининг биноларида ижара тўловисиз жойлашади.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг 2019 йилга ва кейинги йилларга параметрларини шакллантиришда Тошкент давлат техника университети Термиз филиали объектларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
8. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиалини сақлаш харажатлари 2017 йилда “Маориф” соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2018 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.
9. Қуйидагилар Тошкент давлат техника университети Термиз филиалининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва мақсадли бадаллари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалига 2 та, шу жумладан, 1 та хизмат ва 1 та махсус енгил автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 майдаги “Тошкент давлат техника университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2524-сон қарорининг 1-иловаси матни 3-иловага мувофиқ таҳрирда баён этилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 29 июнь
* * *
Манба: ЎзА