Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш керак
2017-06-30 | Сиёсат
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб, у ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ички ишлар идоралари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш, профилактика инспекторлари турмуш шароитини яхшилаш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ички ишлар тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Президентимиз томонидан тизим ходимларига янги вазифалар юклатилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 12 апрелдаги “Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича энг йирик олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Академия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 2 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган.
Академиянинг тўртта замонавий ўқув биноси, тингловчилар учун иккита ётоқхона, меҳмонхона ва бошқа зарур иншоотлари бор. Тингловчилар билан ўқув машғулотлари ўтказиш учун 18 маъруза зали, 150 ўқув аудиторияси ва ўқув-методик кабинет, учта спорт зали ва сув ҳавзасига эга бўлган спорт мажмуаси, теннис корти ва атлетик тайёргарлик билан шуғулланиш учун спорт майдончалари, икки галереяли ўқ отиш тири, криминалистик полигон, ёпиқ телевидение тизимига эга бўлган телемарказ, энг замонавий компьютерлар билан жиҳозланган 20 компьютер синфи ва бошқалар мавжуд.
Тингловчилар 500 мингдан ортиқ нусхадаги ўқув, илмий, ижтимоий-сиёсий, махсус ва бадиий адабиётни, даврий нашрларни ўз ичига олган 4 кутубхона хизматидан фойдаланади. Бу ерда замонавий компьютер ва матбаа ускуналари билан жиҳозланган босмахона фаолият кўрсатмоқда.
Ҳақиқий вазиятга яқинлаштирилган шароитларда амалий машғулотлар ўтказиш учун академиянинг шаҳардан ташқаридаги ҳарбий- дала ўқув маркази мавжуд. Бу ерда 600 кишига мўлжалланган маъруза зали, ўқув синфлари, тактик шаҳарча, оммавий қирғин қуролидан сақланиш шаҳарчаси, ҳаво кемасида қуролланган жиноятчиларни қўлга олиш операцияларини ўрганиш учун «ЯК–40» самолёти, «СХРОН» ер ости мажмуаси – автомат, карабин, снайперлар милтиғи ва тўппончадан ўқ отиш майдони мавжуд.
Бу ерда тингловчилар ва ходимларнинг саломатлигини тиклаши ва дам олишига алоҳида эътибор қаратилади. Академия ҳудудида 30 ўринга мўлжалланган тингловчилар «миниполиклиникаси» фаолият кўрсатмоқда. Бутун ҳудуд кўкаламзорлаштирилган, гулзорлар яратилган, 10 фаввора ишлаб турибди.
Айни пайтда мавжуд бино ва иншоотларни қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2017-2021 йилларда ИИВ академиясини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича лойиҳалар билан танишди.
Президентимиз соҳада юқори малакали, профессионал кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, шахсий таркибнинг касб маҳорати, маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимини пухта шакллантириш борасида тегишли кўрсатмалар берди.
Манба: ЎзА