Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дин ишлари бўйича қўмитада учрашув
2017-06-29 | Жамият
Жорий йилнинг 28 июнь куни Ташқи ишлар вазирлиги таклифига кўра Дин ишлари бўйича қўмитада Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Данияр Сидиқов билан учрашув ўтказилди. Меҳмонни қўмита раиси О.Юсупов қабул қилди.
Учрашув бошланишида О.Юсупов меҳмонга Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан бошқа соҳалар қаторида дин соҳасида ҳам йирик ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Юртимизда 16 диний конфессияга мансуб 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари яшаб келаётганликлари ҳамда ўз диний ибодатларини эмин-эркин амалга ошираётганликлари таъкидлаб ўтилди.
Ўз навбатида Д.Сидиқов қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистондаги диний ва миллий бағрикенглик тамойилларининг барқарор ривожланиб келаётгани таҳсинга сазовор эканини алоҳида қайд этди.
Элчи жаноблари бугунги кунда аксарият қирғизистонлик ёшлар Ўзбекистоннинг диний таълим муассасаларида таҳсил олиш истагида эканликлари, бу соҳада икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
О.Юсупов қардош халқлар манфаатларини кўзлаган ҳолда бундай ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш икки томон учун ҳам қулай бўлишини билдирди.
О.Юсупов юртимизда ҳукм сураётган бағрикенглик тамойилларига тўхталиб, ҳар йили ЮНЕСКО томонидан эълон қилинган “Халқаро бағрикенглик куни”га бағишлаб ўтказилаётган анжуманни мисол қилиб келтириб, унга хорижий диний ташкилотлари раҳбарлари ҳам таклиф этилаётганини маълум қилди.
Д.Сидиқов Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро тадбирларда иштирок этишга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита