Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирлик ва давлат қўмиталарининг қонун ижроси бўйича ахборотлари эшитилди
2017-06-29 | Жамият
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик ҳаракати, қуйи палатанинг Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси юзасидан ахборотлари эшитилди ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ айниқса, қишлоқ аҳолиси учун янада қулай ва муносиб ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш режалаштирилган.
Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, ҳудудлардаги шаҳар, қишлоқларда ичимлик суви ва оқова сув тизимини такомиллаштириш борасида халқаро молия институтларининг инвестициялари жалб қилинмоқда. Мазкур инвестиция лойиҳалари доирасида мамлакатимиз ҳудудларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда канализация тизимларини қуриш, реконструкция қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда 12 минг 262 аҳоли пунктининг 9 минг 60 тасида марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти тизимлари мавжуд. Шу билан биргаликда, марказлашган ичимлик суви таъминоти мавжуд бўлмаган, олис ва тоғли ҳудудлардаги 406 мингдан ортиқ хонадонга махсус техникалар ёрдамида тоза ичимлик суви етказиб берилмоқда.
Президентимизнинг 2016 йил 23 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, жорий йилда 171,8 километр ичимлик суви ва оқова тармоқлари, 8 сув иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари белгиланган.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар ҳам атрофлича таҳлил этилди. Республика бюджети ва халқаро молия институтлари маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишга эришиш ҳамда мазкур камчиликларни бартараф этиш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Манба: ЎзА