Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Маҳалла институти халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига айланиши лозим

2017-06-29 | Жамият

Пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида 28 июнь куни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда парламент аъзолари, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳудудий кенгашларнинг ташкилий йиғилишларида сайланган делегатлар иштирок этди. Анжуманнинг видеоконференцалоқа тизимида ташкил қилингани фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар аъзоларига конференция жараёнини онлайн кузатиб бориш имконини берди. 

Анжуман иштирокчилари дастлаб ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. 

Конференцияда Қарши шаҳар "Хонтепа" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Р.Зоҳиров, Бахмал тумани "Гулбулоқ" ҚФЙ раиси У.Ҳамроев, "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг Чимбой тумани бўлинмаси раиси Б.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида маҳалла институтини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинлари манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан мазкур тизим фаолиятида янги тараққиёт босқичи бошланди, тузилма тубдан ислоҳ қилиниб, замон талаблари асосида такомиллаштирилмоқда. 

Мазкур фармонга мувофиқ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига юридик шахс мақоми берилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар кенгашлари Республика кенгашининг таркибий тузилмалари сифатида ташкил этилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ойида мамлакатимизнинг туман ва шаҳарлари, май-июнь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг ташкилий йиғилишлари ўтказилди. 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашларнинг таркиби, кенгашлар раислари лавозимига тегишинча туман (шаҳар)лар ва вилоятлар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари ҳамда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, кенгашлар котиблари тасдиқланди. Кенгашларнинг намунавий низомлари муҳокама этилди. 

Айни пайтда ҳар бир фуқаролар йиғинида шакллантирилган Жамоатчилик назорати гуруҳи маҳаллалар ва оилалардаги, айниқса, эҳтиёжманд оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганмоқда. Фуқаролар йиғинлари моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани, 2018 йилнинг 1 декабрига қадар туманлар ва шаҳарлар марказларида намунавий лойиҳалар асосида “Маҳалла маркази” мажмуалари барпо этилиши, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакиллари учун “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони таъсис этилгани фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг зиммасига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишда муҳим омил бўлади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, маҳалла институтининг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, "адолат тарозиси"га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди. 

Республика кенгашининг таъсис конференциясида давлатимиз раҳбари фармонида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти ва аҳамияти, мазкур ҳужжат ижросини таъминлашда Республика кенгаши, ҳудудий кенгашлар ва фуқаролар йиғинлари олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди. 

Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги йиғилишда сўзлаган нутқида маҳалла институти фаолиятига доир белгиланган устувор вазифалар, уларнинг ижроси ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида босқичма-босқич кутубхоналар ташкил этиш, жойларда «Маҳалла китобсеварлари» ҳафталигини ўтказиш лозимлиги таъкидланди. Мафкура соҳасида ҳеч қачон бўшлиқ бўлмаслиги, инсоннинг қалби, онгу тафаккури ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамаслиги, мамлакатимиздаги ҳар бир инсон ана шу маънавий озиқни, аввало, ўзи яшаётган муҳитдан олиши кераклиги қайд этилди. Акс ҳолда бу мафкуравий бўшлиқни турли бузғунчи кучлар эгаллаши ҳеч гап эмас. Бугунги глобаллашув даврида бунга бепарво бўлиш – фарзандларимиз тақдирини хатарга қўйиш деганидир. 

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўз уйингни ўзинг асра!» деган даъватга бугун «Ўз болангни ўзинг асра!» деб қўшимча киритиш вақти келганини таъкидлагани зиммамизга катта масъулият юклади, фаолиятимизга янгича ёндашиб, ишлаш усулларимизни замон талаблари асосида қайта кўриб чиқишга ундади, – дейди Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Шаҳрихонсой» МФЙ раиси, сенатор Тожибар Йўлдошева. – Шу пайтга қадар уюшмаган ёшлар билан ишлашда аниқ тизим бўлмагани, улар дардини, орзу-мақсадини кимга айтишни, ким билан маслаҳатлашишни билмагани боис айрим ёшлар турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолгани, ёшлар ва ўсмирлар орасида безорилик, жиноятлар ортгани аччиқ ҳақиқат. Бугунги анжуманда бу борада йўл қўйилган хато-камчиликларни таҳлил қилиб, истиқболдаги вазифалар борасида фикрлашиб олдик. 

Давлатимиз раҳбари ҳудудларга сафарлари давомида маҳаллаларга ташриф буюрмоқда, фуқаролар йиғини ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишиб, халқ билан мулоқот қилмоқда. Президентимиз шу йил 25 март куни Юнусобод тумани Увайсий номидаги маҳалла ҳаёти билан танишар экан, «Маҳалла аҳли бир оила каби ишончли, мустаҳкам ришталар билан ўзаро узвий боғланиши керак. Бунинг учун маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ҳар бир оила аҳволидан, қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиши, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик тарғиботчисига айланиши лозим. Шундагина одамлар маҳаллага келиб ўз фикрини, таклифини, дардини бемалол айтади, муаммосига ечим топади», деб таъкидлади. 

– Кеча Увайсий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, тажриба алмашдик, – дейди Самарқанд шаҳридаги «Лолазор» маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ирода Юсупова. – Бизнинг маҳалламиз каби бу ҳудудда ҳам турли миллат вакилларидан иборат аҳоли яшар экан. Маҳаллаларда миллатлараро тотувлик, халқимизга хос дўстлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини янада кучайтириш мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги асосини, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш билан чамбарчас боғлиқдир. 

Анжуманда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашини тузиш, кенгаш аъзоларини тасдиқлаш, кенгашнинг Устави ва рамзи лойиҳаларини муҳокама қилиш, кенгаш бошқарувини сайлаш, тафтиш комиссиясини сайлаш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Республика кенгашининг раиси, унинг биринчи ўринбосари, ташкилий ишлар ва услубий масалалар, ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари, кенгаш котиби сайланди. Республика кенгаши қошида жамоатчилик назорати гуруҳи ташкил этилиб, унинг таркиби тасдиқланди. 

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Комилов иштирок этди.

 

Умид Ёқубов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться