Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тадбиркор аёллар форуми

2017-06-29 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан "Жамият ривожланишида тадбиркор хотин-қизларнинг роли" мавзуида тадбиркор аёлларнинг биринчи форуми ташкил этилди. 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, "Тадбиркор аёл" уюшмаси каби қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган форумга вазирлик ва идоралар мутасаддилари, бизнес ва молия, ҳуқуқ соҳаси вакиллари, олимлар ва экспертлар, ишбилармон хотин-қизлар таклиф этилди. 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳиддинов ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошлаб берган хотин-қизлар учун кенг имкониятлар яратиш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қуватлашга оид амалий ишларнинг бардавомлиги изчил таъминланаётганини таъкидлади. 

Аёлларни эъзозлаш, уларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини ҳаётга жорий этишга кўмаклашиш, соҳага доир миллий қонунчиликни муттасил такомиллаштириш масаласи Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш масалалари устувор йўналиш сифатида белгиланган. 

Аёлларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёзли кредит билан таъминлашга кўмаклашиш Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятида муҳим ўрин тутади. Ушбу жамоат ташкилоти томонидан ўтказилаётган "Маҳалланинг энг намунали тадбиркор аёли", "Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси" сингари танловлар, хотин-қизларнинг иқтисодий билимларини янада юксалтиришга оид семинарлар, конференция ва форумлар мунтазам ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси аёлларнинг бизнесга доир билимларини бойитиш, мавжуд долзарб масалалар ечимини ҳал этишда мутасадди ташкилотлар вакилларини жалб этиш имконини бермоқда. 

Моҳларой Абдунабиева Андижон индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежини 2016 йилда тамомлаб, "Моҳларбегим" ўқув марказини ташкил этган. Бу ерда маҳалладаги 130 дан ортиқ қизга тикувчилик, пазандалик, парда тикиш, тўқиш, сартарошлик ва бошқа йўналишларда касб сирлари ўргатилмоқда. 

– Марказ фаолиятини янада кенгайтириш ниятим бор, – дейди М.Абдунабиева. – Форумда табдиркорлар учун яратилаётган қулайлик ва имкониятлар, ишбилармонликда кўп йиллар самарали фаолият олиб бораётган бизнес ҳамкорлар билан танишдим. 

Зиёда Тўраева Жиззахнинг Фориш туманида 2004 йилда "Марат МН" хусусий фирмасини ташкил этган. Ўз бизнесини балиқчиликда муваффақиятли юритаётган тадбиркорга оила аъзолари яқин кўмакдош. 

– Янги технологиялар билан жиҳозланган мини-цех очиб, унда балиқ маҳсулотларини консервалашни йўлга қўймоқчимиз, – дейди З.Тўраева. – Шу билан бирга тикув цехи, савдо шохобчаси ишлаб турибди. Яқинда гиламдўзлик цехи очишни режалаштирганмиз. Бу қўшимча иш жойи демакдир. 

Иштирокчилар учун аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, соҳага оид миллий қонунчилик, экспорт-импорт операцияларини ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш каби мавзулар асосида шўъбаларга бўлинган ҳолда машғулотлар ташкил этилди. 

Фаолияти энг яхши деб топилган тадбиркор аёллар турли номинациялар бўйича дипломлар ва хорижда малака ошириш учун йўлланма-сертификат билан тақдирланди. 

Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

 

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться