Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззах олий ҳарбий билим юртида авиация мутахассислари парвозга йўлланма олди
2017-06-28 | Таълим
Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини битирган ёш мутахассисларга диплом ва кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Жорий йилда билим юртида йигирманчи маротаба учувчилар ва авиация муҳандислари парвозга йўлланма олди. Шу сана муносабати билан битирувчиларга диплом ва кўкрак нишонини топшириш маросими ҳар йилгидан-да тантанали ўтди.
Мамлакатимиз Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, битирувчиларнинг ота-оналари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида ташкил этилган ушбу олий ҳарбий таълим муассасасининг Қуролли Кучларимиз сафларига етук ҳарбий мутахассислар етказиб беришда муҳим ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланди.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони ўринбосари, полковник Ш.Йўлдошев, сенатор, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси И.Мирзаалиев, билим юрти бошлиғи, полковник Б.Саидов ва бошқалар мамлакатимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Ёш авиация мутахассисларига Ватанимизни қўриқлашдек шарафли хизматда муваффақият тилади.
– Икки ўғлим ушбу олий ҳарбий таълим муассасасини битириб, айни пайтда мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафларида хизмат қилмоқда, – дейди лейтенант Шерали Тошматовнинг онаси Маҳбуба Жўраева. – Бугун акалари сафига учинчи ўғлим ҳам қўшилди. Фарзандларим Ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат қилаётганидан фахрланаман. Осмонимиз доимо мусаффо, парвозингиз бехатар бўлсин, ўғлонларим.
Тадбирда билим юрти ҳарбий хизматчиларининг чиқишлари ва санъаткорларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Манба: ЎзА