Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Ватанга қасамёд” монументи пойида ёш офицерларга дипломлар топширилди

2017-06-28 | Таълим

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида лейтенант унвонини олган ёш офицерлар битирувига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Уларда давлат ва жамоат ташкилотлари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари ҳамда битирувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этди. 

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети битирувчиларига диплом ва кўкрак нишонлари “Ватанга қасамёд” монументи пойида топширилди. Тиббий хизмат офицерлари тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тиббий таркиби ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мақсадида 2012 йил 10 июлда Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ҳарбий-тиббиёт факультетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

– Давлатимиз раҳбари тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш бўйича соҳа олдига катта вазифалар қўйди, – дейди Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультетининг ҳарбий токсикология ва тиббий муҳофаза курси бошлиғи Соли Ярашев. – Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида факультетимизда ҳам бўлажак ҳарбий шифокорларни ўқитиш сифатини ошириш, мамлакатимизнинг бу борадаги бой илмий салоҳиятидан янада самарали фойдаланишга қаратилган улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари Жаҳонгир Мелибоев ва бошқалар битирувчиларни ушбу унутилмас воқеа билан табриклаб, уларга келажакда муваффақият тилади.

Бухоро вилоятидан лейтенант Беҳруз Зокировнинг онаси Дилрабо Нурова битирувчиларга оқ йўл тилади. Лейтенант Ойбек Қосимов битирувчилар номидан миллий армиямиз ҳарбий хизматчиларининг саломатлигини ишончли ҳимоя қилишга ваъда берди. 

– Ўғлимнинг битирув маросимига Самарқанддан турмуш ўртоғим билан келдик, – дейди лейтенант Муҳаммад Омоновнинг отаси Равшан Тоштемиров. – Тўнғич ўғлим Азиз фермер, пахта, буғдой ва мевалар етиштиради. Кенжа ўғлим Муҳаммад эса шарафли Ватан ҳимоячиси касбини танлади. Мамлакатимизда фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандимиз ҳам шундай шарафли касбни эгаллаб, инсонлар саломатлигини ҳимоя қилишга ҳисса қўшиши билан фахрланамиз. 

Қуролли Кучлар Академияси умумқўшин факультети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультетида ҳам шундай тадбирлар бўлиб ўтди. Қалбида Ватан ва ҳарбий бурчга садоқат туйғуси жўш уриб турган бу ёш офицерлар мамлакатимиз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ишончли ҳимоя қилишга тайёр. Оқ йўл сизга, лейтенантлар!

 

Аблай Камолов, Темур Мамадаминов, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

Поделиться