Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Офицерлар хизматга шай
2017-06-28 | Таълим
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида Олий академик курсларнинг тингловчилари ва академия битирувчиларига навбатдаги диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Азизов, Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Б.Матлюбов ва бошқалар юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мазкур олий даргоҳда етишиб чиқаётган ҳар бир офицернинг масъулиятли бурчи эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 10 апрелдаги «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси мамлакатимизда ички ишлар органларини малакали кадрлар билан таъминлаш, уларнинг профессионал даражасини оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунда академияда тергов фаолияти, тезкор-қидирув фаолияти, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, эксперт-криминалистика фаолияти йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Таълим жараёни янги давлат стандартлари, замонавий ахборот ва илғор педагогик технологияларни қўллаган ҳолда, намунавий ўқув режалари асосида олиб борилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар курсантларни ўқишни муваффақиятли тамомлагани билан табриклаб, улар олган билим ва кўникмалар мамлакатимизда тинчликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.
Манба: ЎзА