Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Гидротехник иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш–сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мезони” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди
2017-06-27 | Жамият
Жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Гидротехник иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш–сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мезони” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларини, жумладан, аграр соҳани ривожлантириш, модернизация қилиш, қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ўзимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан таъминлашга алоҳида эътибор берилиб, бу борада сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, мелиорация ва ирригация объектларини янгилаш ва ривожлантириш мақсадида давлат бюджетидан ажратилаётган инвестициялар ҳисобига ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилишга устувор вазифалардан бири сифатида ёндошилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелда қабул қилинган “2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2013-2016 йиллар учун қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорлари асосида мамлакатимиздаги мавжуд ирригация объектларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Кейинги 5 йил мобайнида республикамиз бўйича сув хўжалиги объектларида капитал қурилиш ва реконструкция қилиш тадбирларини бажаришга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қарийб 2,0 трлн. сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан умумий узунлиги 1265,6 км каналлар, 260,4 км суғориш (лоток) тармоқлари, 212 дона йирик гидротехник иншоотлар, умумий қуввати 32,3 м3/сек. бўлган 23 дона насос станциялари, 62,4 км узунликдаги насос станцияларининг юқори босимли қувурлари қурилди реконструкция қилинди, шунингдек, дарё ва каналларнинг 42,5 км узунликдаги қирғоқларини мустаҳкамлаш ва бошқа ишлар амалга оширилди.
Амалга оширилган тадбирлар натижасида республикамиздаги 1 млн. 123 минг гектардан ортиқ майдондаги фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқа ерларининг сув таъминоти яхшиланишига эришилди.
Анжуманда ирригация ва мелиорация объектларини ривожлантириш, уларнинг хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш ва шу асосда қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш барқарорлигига эришиш борасида истиқболда амалга ошириладиган вазифалар хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги