Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакатимизда 1,1 миллион гектардан ортиқ ернинг сув таъминоти яхшиланди
2017-06-27 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида "Гидротехник иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш – сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мезони" мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, аграр соҳани ривожлантириш, қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашда сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, мелиорация ва ирригация объектларини янгилаш ва ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кейинги беш йил мобайнида сув хўжалиги объектларида капитал қурилиш ва реконструкция қилиш тадбирларини бажаришга давлат бюджетидан қарийб 2 триллион сўм йўналтирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан каналлар, йирик гидротехник иншоотлар, насос станциялари қурилди, реконструкция қилинди. Экин майдонларини сув билан таъминлаш учун бир қатор сув омборлари барпо этилди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги 395 минг гектардан зиёд майдонларни сув билан таъминлайдиган "Сардоба", Наманган вилоятидаги "Жийдалисой", Навоий вилоятидаги "Кўксарой" сув омборлари шулар жумласидандир.
– Сув ресурсларини самарали бошқаришни таъминлаш мақсадида каналлар бетонлаштирилиб, гидротехник иншоотлар модернизация қилинмоқда, – дейди вазирлик бошқарма бошлиғи М.Қурбонов. – Каналларнинг шаҳарлар ҳудудидан ўтган қисмлари атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Нукус шаҳридаги "Дўстлик", Жиззах шаҳридаги "Қўрғонтепа", Зомин шаҳридаги "Зоминсой", Гулистон шаҳридан ўтувчи "Дўстлик" каналларининг атрофида пиёдалар йўлаклари қурилди. Металл панжаралар ва тунги ёритгичлар ўрнатилди.
Тадбирда сув иншоотлари қуришда замонавий архитектура ечимларидан кенг фойдаланилаётгани, Гулистон шаҳридаги "Дўстлик'" каналини бетонлаштиришда фильтрация ёрдамида сув йўқотилишини чеклаш ҳамда Гулистон шаҳри ерларининг сизот сувлари сатҳини пасайтиришда бетон қопламалари орасига геомембрана қўлланилгани шаҳар ер ости сувларининг сатҳини 1-1,5 метрга пасайтиришга хизмат қилгани қайд этилди.
2013-2017 йилларга мўлжалланган Давлат дастурига асосан юртимизда яна қатор насос станциялари модернизация қилинди. Наманган вилоятида "Янгиер", Андижон вилоятида "Кўк гумбаз", "Қурама", "Боғи Бобур", Қашқадарё вилоятида "Қўнғир", "Йўлдош", "Янгибоғ", Самарқанд вилоятида "Жартепа", "Ўзбекистон", Сурхондарёдаги "Қораариқ" насос станцияларида замонавий энергия тежовчи агрегатлар ва электр қурилмаларидан кенг фойдаланилди.
Тизимда амалга оширилган ана шундай тадбирлар натижасида юртимиздаги 1 миллион 123 минг гектардан ортиқ майдондаги фермер ва деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқа ерларининг сув таъминоти яхшиланишига эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида"ги қарорига асосан ирригация тармоқларини ривожлантириш, йирик ва ўта муҳим сув хўжалиги объектлари ишончли фойдаланилишини ва хавфсиз ишлатилишини ошириш чоралари кўрилмоқда. Унга кўра, жорий йилда бу тадбирлар учун давлат бюджетидан 451 миллиард сўм ажратилган.
Матбуот анжуманида мазкур маблағлар эвазига жорий йилда қарийб 140 лойиҳа бажарилиши, бу яна 275 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланишига хизмат қилиши, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида каналлардаги насослардан воз кечилиши ҳақида маълумот берилди.
Манба: ЎзА