Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Миллий ифтихоримиз – мустаҳкам таянчимиз
2017-06-23 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев Қўқон шаҳар театрини бориб кўрди.
Мамлакатимизда маданият ва санъатни янада ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.
Юртимизнинг барча ҳудудларида тарихий обидалар таъмирланмоқда, янги маданият ва маънавият масканлари бунёд этилиб, мавжудлари реконструкция қилинмоқда.
Қўқон шаҳар театри 1987 йилда қурилган. Театр биноси, жумладан, 750 томошабинга мўлжалланган зал замонавий таъмирланган.
Президентимиз ижодкорлар билан мулоқотда театрнинг халқ орасидаги обрўйи ва нуфузини янада ошириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Театрни ҳақиқий маънавият ўчоғига айлантириш учун аввало яхши асарлар керак, деди давлатимиз раҳбари. Бунинг учун бу ерда таниқли санъат намоёндалари, драматурглар билан учрашувлар ташкил этиб, ижодий муҳит яратиш зарур.
Ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, театрнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Ижодий жамоани грим ва постижёр маҳсулотлари, либослар, театрни саҳна декорациялари ва конструкциялари, парда ва бошқа буюмлар билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Актёр ва режиссёрларнинг малакасини ошириш, ёш мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Манба: ЎзА