Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адолат ва қонунийлик – халқ ва мамлакат хотиржамлигининг асоси
2017-06-20 | Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёев асос солган халқ билан мулоқот, мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизим – Халқ қабулхоналари институти мамлакатимизда ҳар бир соҳа ва ҳудуддаги асл манзарани, мавжуд аҳволни реал кўриш ва баҳолаш, оддий одамлар қалбига қулоқ солиш, уларнинг дард-ташвишларини астойдил тинглаш, муаммоларини ҳал этиш имконини бермоқда. Асосий мақсад – давлат идораларининг халқ талаб ва истаклари асосида ишлашига эришиш, халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат.
Бу жиҳатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ташкил қилаётган сайёр қабулларда ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этилди.
Мазкур тизимнинг навбатдаги босқичида илк бора соҳалар бўйича мурожаатлар билан ишлашга киришилди. Бу борада 20 июнь куни Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида бошланган сайёр қабулда суд, прокуратура, ички ишлар, адлия, солиқ ва божхона масалалари бўйича фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатлари бевосита муҳокама қилинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаатлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов, Олий суд раиси К.Комилов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, ички ишлар вазири А.Азизов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирий, адлия вазири М.Икромов фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, уларга ечим излагани мурожаатчилар учун катта қулайлик бўлди.
Бугунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг 55 минг 416 таси суд органларига тегишлидир. Энг кўп мурожаатлар пойтахтимиз (21,8 фоиз), Тошкент (11,6 фоиз), Фарғона (9,4 фоиз), Қашқадарё (9,3 фоиз), Сурхондарё (9 фоиз) вилоятларидан келган. Мурожаатларнинг катта қисми – 52,2 фоизи судларда фуқаролик ишлари кўрилишига оид.
Мазкур сайёр қабул ҳам бир ҳақиқатни – Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаётнинг ўткир эҳтиёжи ва талаби маҳсули эканини яна бир бор амалда намоён этмоқда. Чунки аксарият мурожаатда аҳоли ўзи ё оиласи билан боғлиқ суд қарорларидан норозилик билдирмоқда. Албатта, бу барча шикоятчи ҳақ эканини билдирмайди, бироқ айрим мурожаатчиларнинг йиллар давомида сарсон-саргардон юргани, уларнинг ўнлаб шикоятлари беиз кетганига гувоҳ бўлиб, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда чиндан ҳам муаммолар йиғилиб қолганига амин бўлиш мумкин.
Айни пайтгача Ички ишлар вазирлигига 93 минг 484, Бош прокуратурага 50 мингдан зиёд, Адлия вазирлигига 43 минг 245, Давлат солиқ қўмитасига 6 минг 273, Давлат божхона қўмитасига 1 минг 41 мурожаат келиб тушган. Бунда аҳоли ва тадбиркорлар Ички ишлар вазирлигига асосан фуқаролик паспорти (14,6 фоиз), Бош прокуратурага иш ҳақини ундириш (15,1 фоиз), Адлия вазирлигига алимент ундириш (47,8 фоиз), Давлат солиқ қўмитасига солиққа тортиш билан боғлиқ масалалар (22,3 фоиз), Давлат божхона қўмитасига хизматдан ноқонуний бўшатилганлик, хизматга қайта тиклаш, Олий ҳарбий божхона институтига ўқишга кириш (35 фоиз) ҳамда божхона назоратини ўтказиш ва расмийлаштирув (30,1 фоиз) тўғрисида мурожаат қилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ўтказган ўрганиш натижалари айрим давлат органларида баъзи мансабдор шахсларнинг мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаслиги ва мурожаатчига жавоб бермаслиги ёки сифатсиз ўрганиши каби ҳолатларга йўл қўйиб келинаётганини кўрсатмоқда. Айрим ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ягона тартиб ва қоидаларни қўллаш амалиёти, ижронинг ички назорат механизмлари йўқлиги, мурожаатлар билан ишлашда юзаки ёндашув ҳолатлари Виртуал қабулхонага келиб тушаётган мурожаатлар кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг прокуратура, ички ишлар, суд органлари ходимлари билан ўтказган йиғилишларида мазкур соҳаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга танқидий баҳо берилиб, уларнинг сабаб ва илдизлари атрофлича таҳлил қилингани муаммолар ечимида муҳим омил бўлмоқда. Халқимиз кўз ўнгида бу борадаги масалалар ҳал қилинмоқда. Бу давлат идоралари халқимизга хизмат қилмоқда деганидир.
Мазкур сайёр қабулнинг ўзига хослиги – бунда деярли барча масала, у суд ё прокуратура, ички ишлар ёки адлия, солиқ ёхуд божхона масалалари бўлишидан қатъи назар, қўшимча ўрганиш ва текширишларни талаб қилади. Суд адолатли ё адолатсиз қарор қабул қилгани, тергов ишларида хато-камчиликлар бор-йўқлиги – буларни аниқлаш, адолатли якуний қарор қабул қилиш учун вақт керак, албатта.
Отабек Йўлдошев ветеринар врач. Унинг раҳбарлигидаги «Deep Forest Animals» МЧЖ шу йил 3 апрелда иш бошлаган. Бу ерда ветеринария клиникаси, аптекаси ва дўкони бор. Айтишича, тадбиркорлик фаолиятини энди йўлга қўйгани боис бир ўзи ишлайди: директор ҳам, ветеринар ҳам, сотувчи ҳам, кассир ҳам ўзи. Шу йил 5 май куни бир мижоз ветеринария дорисига 7 минг сўм тўлаётган пайтда кўнгилсизлик юз беради – сал аввал операция қилинган мушуклардан бири қафасдан бўшалиб, наригисига ташланади. О.Йўлдошев уларни ажратишга шошилади ва дори олган мижозга назорат-касса машинасининг тўлов чекини ўз вақтида бера олмайди. Шу воқеа устига давлат солиқ идораси ходимлари текширувга келиб қолади.
– Мушукларни тинчлантириб, 7 минг сўмни назорат-касса машинасига кирим қилдим, бироқ солиқ идораси вакилларига буни тушунтира олмадим, – дейди О.Йўлдошев. – Бундай текширувга илк марта дуч келганим учун қўрқиб қолгандим: тушунтириш хати ёзиб бериб, барча ҳужжатга қўл қўйдим. Бироқ шу йил 31 май куни Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекциясидан 5 миллион сўмдан ортиқ жарима қоғози келгач, яна шокка тушиб қолдим. Энди иш бошлаганман, бунча пулни тўлай олмайман. Судга берай десам, аксига олиб, клиникамиздаги кузатув камераси куйиб қолган, асл вазиятни исботлаб беришим қийин. Тўғри, айб мендан ўтган, мижозга ўз вақтида тўлов чекини бера олмадим, бироқ бунинг сабаби бор-ку. Бугунги сайёр қабулда мутасаддилар бу борадаги мурожаатимни ўрганиб, вазиятни қайта ўрганиб чиқишга ваъда берди.
Янгийўллик Қория Эргашева 78 ёшда. Унинг невараси Қодиржон ёшлигидан спорт билан шуғулланади, шу йўналишдаги касб-ҳунар коллежини тамомлаган, ички ишлар ходими бўлмоқчи. Бу – онахоннинг ҳам орзуси. Бироқ Қодиржон икки йилдан бери ички ишлар тизимига ишга кира олмаяпти.
– Шунинг сабабини ҳеч билолмадик-да, икки йилдан бери неварамдан ҳам кўра мен сиқилиб кетдим, шунинг учун бугунги сайёр қабулга бирга келавердим, – дейди Қория момо. – Мутасаддилар бугун арзимизни тинглаб, назоратга олди. «Онахон, сиқилманг, агар барчаси жойида бўлса, тез кунда ижобий ҳал қиламиз», дейишди.
Малика Ҳамидова 1969 йили Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманида туғилган. 1989 йили Тошкент шаҳрига келиб, шу ерда яшаб қолган. Бироқ унинг фуқаролиги ҳам, паспорти ҳам, бирор жойда доимий пропискаси ҳам, уй-жойи ҳам йўқ. Қизи Муштарий Тошкент шаҳрида туғилган, ўтган йили коллежни битирди, бироқ ҳалигача паспорт ва диплом олмаган. Она-бола Яшнобод туманида бир танишининг уйида вақтинча яшамоқда.
Уларнинг муаммоси анча чигал. Мутасаддилар бунинг ечимини бир неча босқичда кўрмоқда.
– Даставвал Чирчиқ шаҳар ҳокимлигига тақдимнома киритиб, уларга оилавий ётоқхонадан жой ажратилишига ёрдам берамиз, бу уйдан фойдаланиш ҳуқуқи берилгач, шу асосда улар вақтинча рўйхатга олинади, – дейди Тошкент вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғининг ўринбосари, подполковник Хушнуд Боқиев. – Сўнг уларни доимий прописка қилиш, паспорт билан таъминлаш ва фуқароликни расмийлаштириш масалалари кўриб чиқилади.
...Адолат ва қонунийлик – халқ ва мамлакат хотиржамлигининг асоси. Бундай очиқ мулоқотлар ҳар бир нарсани ўз номи билан айтиш – ноҳақдан ҳақни, оқ ва қорани ажратишда, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқиб, ҳал этишда давлат органлари ва аҳоли учун бирдай катта мактаб бўлмоқда. Адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Кўлами, моҳият-эътиборидан қатъи назар, ҳар бир инсон ҳаётида лоақал битта масала ечилса, бирники мингга татийверади. Зотан, ҳар бир мурожаат ўзаро мулоқотга, мулоқот эса қизғин муҳокамага йўл очади, бу билан жамиятимизда адолат барқарорлиги таъминланади, адолат бор жойда шикоятга ўрин қолмайди...
Манба: ЎзА