Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бағрикенглик – барқарорлик асоси
2017-06-20 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 19 майдаги "Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва унинг депутатлик корпуси олдидаги устувор масалалар муҳокама қилинди.
Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси Ҳ.Кетмонов ва бошқалар мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни, фуқаролар тотувлигини таъминлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстона, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 диний конфессия вакиллари аҳил, иноқ ва тотув оила бўлиб яшаб, ягона мақсад – мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги юксалиши йўлида ҳамжиҳат меҳнат қилмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш, бу борадаги стратегик мақсадларга эришишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳисса қўшиш, жумладан, халқимиз, айниқса, олис қишлоқларда яшовчи аҳоли орасида мазкур фармон мазмун-моҳиятини тушунтиришда партия депутатлик корпуси олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Бу борада партия дастурий мақсадларидан келиб чиқадиган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба: ЎзА