Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Швейцария компаниялари Ўзбекистон бозоридан жой олмоқда
2017-06-20 | Иқтисодиёт
Яқинда Швейцариянинг Цюрих шаҳрида мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ва Франкфурт-на-Майндаги Бош консуллиги томонидан Швейцария-Осиё савдо палатаси ва Ўзбекистон-Швейцария савдо-саноат палатаси билан ўзаро ҳамкорликда Ўзбекистон-Швейцария бизнес-форуми ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, фармацевтика ҳамда тўқимачилик соҳаларининг вакиллари иштирок этди.
Мазкур форум турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган ўзбекистонлик ва швейцариялик ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида ташланган муҳим қадам бўлди.
“Хитой томонидан илгари сурилган «Бир макон, бир йўл» лойиҳасининг амалга оширилиши муносабати билан Марказий Осиё минтақаси, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам Швейцария компанияларининг эътиборини ўзига тортмоқда. Биз Ўзбекистон компаниялари билан тўғридан-тўғри савдо алоқаларини ўрнатишда яқиндан кўмаклашишга тайёрмиз”, деди Швейцария-Осиё савдо палатаси раиси Урс Лустенбергер.
Ўзбекистоннинг Франкфурт-на-Майндаги бош консули Эркин Ҳамроев тадбир иштирокчиларини республикамизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан таништирди.
Бизнес-анжуман чоғида «Bluteks Ltd», «Ismoiljon gilamlari», «Schärer Schweiter Mettler», «Bucher Unipektin», «Buhler», «SGS SA» сингари миллий ҳамда хорижий тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотлари ва имкониятлари тақдимотини ўтказдилар.
Мазкур форум якунлари бўйича Хусусий тадбиркорлик экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Ўзбекистон-Швейцария савдо-саноат палатаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми, шунингдек, «Top Pharm Service» (Ўзбекистон) ва «Clever Ways GmbH» (Швейцария) фармацевтика компаниялари ўртасида аҳдлашув меморандуми имзоланди.
Тадбир доирасида, шунингдек, томонлар «B2B» форматидаги бизнес лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш масаласини ҳам ҳар томонлама муҳокама қилдилар.
Швейцариялик ишбилармонларнинг айримлари «Жаҳон» ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида мазкур учрашув бўйича ўз фикр-мулоҳаларини ўртоқлашди.
Швейцария-Осиё савдо палатаси раиси Урс Лустенбергер:
- Ушбу тадбир ҳар икки томонга янги савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатиш учун замин яратди. Мамлакатингизнинг замонавий тараққиёти, хорижий сармоядорларга, айниқса, фармацевтика соҳасида яратилаётган шарт-шароитлар таҳсинга лойиқдир. Ўзбекистонда Швейцария компаниялари иштирокида янги ишлаб чиқариш инфратузилмаларини барпо этиш учун кенг имкониятлар яратилган. Шунингдек, мамлакатингизнинг жўғрофий жиҳатдан қулай жойлашгани ҳам муваффақиятли бизнес юритишдаги муҳим омиллардан биридир.
«GEFCO Suisse S.A.» компанияси савдо ва маркетинг бўйича департаменти директори Режис Серриер:
- Бугун Ўзбекистоннинг биз учун янги бўлган бозори ҳақида батафсил маълумот олдик. Шунингдек, ҳамкорлик учун ўзларининг аниқ таклифлари билан келган ўзбек компаниялари билан алоқаларни ўрнатиш имконига ҳам эга бўлдик. Ўйлайманки, бизнесда муваффақиятга эришиш хорижий шерикларга ҳам боғлиқ. Шу боис биз Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқмоқдамиз.
«Clever Ways GmbH» ижрочи директори Чарлз Биаджи:
- Мазкур форум шарофати билан Ўзбекистоннинг «ANFA» фармацевтика компанияси билан алоқаларни йўлга қўйдик. Хусусан, ўзбек маҳсулотларининг Европа бозорида сотилишини кўзда тутадиган аҳдлашув меморандумини имзоладик.
Ўзбекистон бозорига кириш швейцариялик тадбиркорлар учун янги ва жуда қизиқарлидир.
Ўзбекистонда иқтисодиётни янада либераллаштириш ва хорижий сармоядорларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳсинга лойиқ. Умид қиламанки, бизнинг янги шерикларимиз билан ҳамкорлигимиз узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли бўлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги