Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаракатлар стратегияси ижросида Сенатнинг ўрни
2017-06-16 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш борасидаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда сенаторлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш, Ташқи ишлар вазирликлари, суд ва прокуратура идоралари масъул ходимлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова, “Тараққиёт стратегияси” марказининг ижрочи директори А.Бурҳонов ва бошқалар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлиснинг ролини янада кучайтириш Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Давлат ҳокимияти тизимида парламент ролини кучайтириш, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан парламент назоратини такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш юзасидан аниқ чоралар кўрилмоқда.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жараёнида тизимни демократлаштириш ва либераллаштиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллашмоқда. Жойлардаги ишларнинг ҳолатини давлат органлари билан ҳамкорликда парламент аъзолари томонидан ўрганиш давомида ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига қонунларнинг таъсирини кучайтириш чоралари кўрилаётир.
Янги қабул қилинган қонунлар ва қарорларни ижрочиларга етказиш, қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган ўнинчи ялпи мажлисида жамият ҳаётининг турли соҳаларига оид кўплаб қонунлар қабул қилинди. Анжуманда мазкур қонунларнинг мазмун-моҳияти, ижроси билан боғлиқ масалалар ҳақида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, янги қонунлар олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил ижро этишга қаратилган. Уларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли кафолатларини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, мамлакатимизда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Матбуот анжуманида Сенат аъзолари ва экспертлар журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Манба: ЎзА