Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаёти фильмларида давом этмоқда
2017-06-15 | Маданият
Яратган ўнлаб бадиий ва ҳужжатли фильмлари билан нафақат ўзбек, балки жаҳон киномухлисларининг ҳам қалбидан чуқур жой олган атоқли кинооператор, режиссёр, халқаро кино фестиваллари совриндори, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Ҳотам Файзиев ҳаёт бўлганида бу йил саксон ёшни қарши оларди.
Шу муносабат билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида хотира кечаси ташкил этилди. Унда Ҳ.Файзиевнинг оила аъзолари, ҳамкасб дўстлари, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар иштирок этди.
«Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори О.Мусаев ва бошқалар Ҳ.Файзиевнинг ўзбек кинематографияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси, у яратган киноасарларнинг халқимиз ҳаёти, айниқса, навқирон авлод тарбиясидаги ўрни ва таъсири кучли эканини таъкидлади.
Ҳотам Файзиев суратга олган ва режиссёрлик қилган «Сен етим эмассан», «Саҳро осмони», «Сурайё», «Виждон амри сари», «Тошкент – нон шаҳри», «Дилором», «Нур ва соя», «Абу Райҳон Беруний», «Йилнинг тўрт фасли», «Жала», «Эҳтиёт бўлинг, илонлар», «Комила», «Диёнат», «Ёлғизликда», «Бувижонимни қайтариб беринг», «Ҳаёт мазмуни», «Уран планетасининг сайёраси», «Алангадаги фаришта», «Алиф Лайло», «Оқ бино оқшомлари», «Юлдузингни бер, осмон», «Катта жанжал», «Чимилдиқ», «Кичкина одамлар», «Ёзсиз йил» каби бадиий фильмлар ўзбек киноси тарихида ўчмас из қолдирган.
– Бу киноасарларда Ҳ.Файзиевнинг ўзига хос операторлик таланти ва салоҳияти ёрқин намоён бўлган, – дейди кинотанқидчи, Ўзбекистон Миллий университети профессори Ҳ.Акбаров. – Шу билан бирга, у режиссёрликда ҳам такрорланмас иш қилди. Унинг режиссёрлигидаги «Оқ бино оқшомлари» бадиий фильмини олиб қарайлик. Дарс жараёнида талабаларимга ҳар сафар шу киноасарни қўйиб берганимда уларнинг олган таассуроти, кўзларидаги хулосани кўриб, Ҳ.Файзиевнинг маҳоратига қойил қоламан. Ҳотам Файзиевнинг ҳаёти фарзандлари камолида, умрбоқий фильмларида давом этмоқда.
Хотира кечасида атоқли киноустанинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Манба: ЎзА