Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарали ҳамкорлик
2017-06-15 | Жамият
Жиззах вилояти Зомин туманида БМТнинг Тараққиёт дастури, Глобал экологик жамғарма ва Ўзбекистон Республикаси “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларида суғорилмайдиган қурғоқчил ерларнинг рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш” лойиҳаси доирасида тадбирлар бўлиб ўтди.
Жиззах вилоятининг Зомин, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманларида 2014-2018 йилларга мўлжаллаб амалга оширилаётган ушбу лойиҳа табиат муҳофазасига доир қонунларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, экологик мавзуда қўлланма ва тарқатма материаллар чоп этиш, ер ости ва ер усти бойликларидан самарали фойдаланишда ресурстежамкор технологияларни жорий этиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, биохилма-хилликни асраш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган.
Лойиҳа доирасида аҳоли ўртасида кенг кўламли экологик тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Бу йўналишда касб-ҳунар коллежлари, фуқаролар йиғинлари, фермер хўжаликлари билан яқин ҳамкорлик қилинмоқда.
Туманнинг “Пшағор” қишлоқ фуқаролар йиғинида лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этаётган “Тутак Карим даласи” чорвачилик фермер хўжалигига трейлер – кўчма уй топширилишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Енгил автомобиллар учун тиркамалар тайёрлашга ихтисослашган “Asia trailer” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилган 150 ватт электр ишлаб чиқарувчи қуёш батареялари билан таъминланган ушбу кўчма уйни енгил автомобилда тортиб юриш мумкин. Оғирлиги бир ярим тонна, баландлиги 3,5, эни 2,2 метр бўлган мазкур кўчма уй 3 киши яшашига мўлжалланган. Уй музлаткич, 50 литрлик пропан газ баллони, 40 литрлик ичимлик сув идиши ҳамда ички ва ташқи ёритиш тизимларига эга.
– Хўжалигимизда 160 бош қўй ва 15 бош қорамол парваришланади, – дейди “Тутак Карим даласи” фермер хўжалиги раҳбари А.Жўраев. – 74 гектар майдонда лалми ғалла етиштирамиз. 200 гектарлик яйловнинг 30 гектарига баҳорда чогон, изен, терескен каби 6 хил озуқабоп экин ва минг туп саксовул экдик. Бу ишларимиз БМТнинг Тараққиёт дастури, Глобал экологик жамғарма ҳамда “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг қўшма лойиҳаси томонидан молиялаштирилди. Бугун ушбу лойиҳа ҳисобидан кўчма уйга эга бўлдик. Бу беғараз кўмаклар табиатни асраб-авайлаш, яйловлар унумдорлигини сақлашга ҳизмат қилади.
Фермерлар ва маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган тадбирда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, илғор агротехнологияларни қўллаш ҳамда тоғли, ярим чўл ва қурғоқчил ерлардан фойдаланишда табиат муҳофазасини таъминлаш, биотизимни асраш масалалари ҳақида сўз юритилди.
Лойиҳа доирасида чорвачиликка ихтисослаштирилган “Рустамнома” фермер хўжалигида ҳам 7 гектар майдонга изен, терескен, чогон, черкез, қандим, коврак каби озуқабоп экинлар, 7 минг туп саксовул экилди. Лойиҳадаги шартнома мажбуриятларини бажараётган фермер етарли ем-хашак етиштиришдан ташқари, ўтларнинг уруғини сотишдан ҳам фойда олишни мўлжалламоқда.
Лойиҳада иштирок этаётган “Ҳулкар пистаси” фермер хўжалиги қир бағрида 1000 туп олхўри етиштирмоқда. Лойиҳа доирасида ажратилган 55 миллион сўм маблағга томчилатиб суғориш ускуналари харид қилинди.
Суғориш ускунаси фермернинг 2,1 гектар боғини 4 соатда тўла суғориш имконини беради. Олхўри 2018 йилда ялпи ҳосилга киради. Бир туп дарахтдан 50 килограмм ҳосил олиб, йилига 50 тонна мураббобоп олхўри олиш мўлжалланган. Бу камида 100 миллион сўм даромад дегани.
Лойиҳани амалга оширишда Зомин давлат ўрмон хўжалиги ҳам яқин ҳамкорлик қилмоқда. Лойиҳа доирасида ўрмон хўжалиги қошида доривор ўсимликларни қуритиш, майдалаш ва қадоқлашга ихтисослаштирилган корхона барпо этилди. Бу ерда далачой, дўлана, кийик ўти ва зирани қадоқлаш йўлга қўйилди.
Табиатни муҳофаза қилишга янгича ёндашув самарасини ўтган йилнинг шу даврида яланғоч қоладиган қирлар бағрини қоплаган ям-яшил ўт-ўланлар ҳам кўрсатиб турибди. Ўсимликларнинг эркин ўсиши типратикан, тошбақа, илон каби жониворлар ва турли ҳашаротлар макон тутиши, қушлар қўним топишига сабаб бўлмоқда. Тупроқнинг кўчиши, эрозиясини тўхтатаётир. Энг муҳими, одамларнинг табиатга муносабати ўзгармоқда. Бугун Пшағор, Ширин қишлоқларида ўнлаб одамлар бўш жойларни қўриқлаб, мевали дарахт ва терак етиштиришга киришган. Чорвани яйловда тинимсиз боқиш камаймоқда.
– Лойиҳани амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу – тоғли, ярим чўл ва чўл ҳудудларидаги суғорилмайдиган қурғоқчил ерлардан фойдаланишда табиатни муҳофаза қилишга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш, – дейди лойиҳа менежери Т.Фармонов. – Бу мақсадни амалга оширишнинг ишончли йўли одамларни хўжалик юритишдан даромад олиш билан бирга, табиатни ҳимоя қилишга ундаш, ушбу йўналишдаги илғор тажрибаларни тарғиб қилиш. Бу ишда эришилаётган натижаларга мисоллар етарли. Демак, одамларда табиатга муҳаббат кучаймоқда. Бу лойиҳадан кутилаётган энг яхши самара.
Манба: ЎзА