Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Донорлик – беғараз ёрдам

2017-06-15 | Жамият

Донорлик – беморларга ёрдам беришнинг, инсонларга яхшилик қилишнинг оддий усули. Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир.

Республика қон қуйиш марказида 14 июнь – Халқаро донорлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда ана шулар ҳақида сўз борди. 

Республика қон қуйиш маркази директори Р.Йўлдошев, Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти директори А.Саидов ва бошқалар тиббий ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, беғараз ёрдам муҳитини кучайтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан эканлигини таъкидлади. Мамлакатимизда барча соҳаларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофаза этиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. 

– Бугун беғараз қон донорлигини нишонлайдиган ўзига хос кундир, – дейди Республика қон қуйиш маркази бўлим бошлиғи Зулфия Исмоилова. – Қон қуйиб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва аҳолининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш, фавқулодда ҳолатларга тайёр туриш, давлат қон захирасини бойитиш, инсонларни доимий беғараз донорликка жалб этиш, ёшларни раҳмдиллик ва инсонийлик руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади. Донор қони мураккаб жарроҳлик амалиётларида, патологик туғруқ жараёнларида, жигар ва онкологик касалликларда, ўткир қон кетишида, оғир тан жароҳатларида, камқонликда, лейкемияларда (оқ қон), қуйиш ва бошқа кўпгина ҳолатларда ишлатилади. Донор қони, айниқса, фавқулодда вазиятларда, режали жарроҳлик амалиётларида қўл келади. 

18 ёшдан 60 ёшгача бўлган 55 килодан ошиқ вазнга эга Ўзбекистон фуқаролари донор бўлиши мумкин. Бунинг учун аёлларда гемоглабин даражаси 120, эркакларда эса 130 дан юқори бўлиши керак. Ана шу талабларга жавоб берадиган соғлом аёллар ҳар уч ойда, эркаклар икки ойда бир марта донорлик қилишлари мумкин. Донорлар орасида эркаклар аёлларга нисбатан кўпчиликни ташкил қилади. Республика қон қуйиш марказидан олинган маълумотларга кўра, 2011 йил 93 минг, 2016 йил 120 минг одам қон донори бўлган. 

– Қон беришга қарор қилган донор инсонларга нафи тегишини билиши лозим, – дейди яшнободлик Абдувосит Ғуломов. – Мен мана ўн беш йил ичида марказ ходимларининг айтишича, 42 марта қон топширибман. Илк бор донорлик қилганимда шифокорлар қон гуруҳим ноёб ва кам учрашини, кўп беморлар бунга муҳтож эканлигини айтганди. Шундан сўнг инсонларга ёрдам беришни дилимга тугдим. Ҳар сафар мана шу эзгу ишга қўл урганимда руҳий ва жисмонан енгиллик сезаман. Бошқаларни ҳам ана шундай хайрли ишга чорлаб қоламан. 

Тадбирда донорларга ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларига фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться