Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлом ва гўзал ҳаёт
2017-06-15 | Жамият
Бунда гиёҳвандлик ва наркобизнесга ўрин йўқ
Миллат генофондини асраш, уни турли зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш халқимиз, давлатимизнинг эзгу мақсади.
Ушбу офатга қарши курашиш борасида мамлакатимизда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили июнда гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги ўтказиб келинаётир.
ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Аҳмад Мансуровбилан бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.
– Аҳмад Ёқубжонович, гиёҳвандликка қарши курашиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
– Мамлакатимизда ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши алоҳида эътиборда. Тегишли қонун ҳужжатларида гиёҳвандликнинг олдини олиш, ичкиликбозлик, кашандалик ва гиёҳвандлик каби зарарли иллатларга қарши курашиш чоралари белгиланган.
Наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятчиликка қарши курашиш, унинг ноқонуний айланишига чек қўйиш борасида ҳуқуқ-тартибот органлари зарур чораларни кўрмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшаётир.
Профилактик тадбирларда таъсирчан воситалар – кинофильм ва видеоматериаллар орқали аҳоли гиёҳвандликнинг оғир оқибатларидан хабардор қилинмоқда. Бу ёшларда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга кўмаклашаётир.
Президентимиз томонидан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни – профилактика куни деб белгилангани турли ғайриижтимоий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ишларни янада жадаллаштирди. Ушбу йўналишда кўрилаётган чоралар самарасини баҳолаш учун нарковазиятнинг асосий эпидемиологик кўрсаткичларига эътибор беришимиз мумкин. Жумладан, мамлакатимиздаги наркология муассасаларида гиёҳвандликка чалинганлиги муносабати билан рўйхатга олинган шахслар сони камайиб бориш тенденцияси давом этмоқда. Айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик билан боғлиқ янги қайд этилган ҳолатлар камайди.
– Гиёҳвандлик моддаларини ўтказиш ва сотиш ҳолатлари кўпроқ қайси ҳудудларга тўғри келмоқда? Шу кунгача қанча гиёҳвандлик моддалари қўлга олинган?
– Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2016 йил давомида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6,6 мингдан зиёд жиноят аниқланган. Бу борада юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятларига тўғри келди. Жорий йилнинг биринчи чорагида 1,3 мингдан зиёд ушбу тоифадаги жиноят қайд этилган. Уларнинг салмоқли қисмини гиёҳванд воситаларни ўтказиш ва сотиш жиноятлари ташкил этган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан наркотик моддалар контрабандаси ва олди-сотдиси билан шуғулланаётган гуруҳларни аниқлаш ва фаолиятига чек қўйиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилмоқда. Масалан, ўтган йили Тошкент вилоятининг Зангиота туманида опий моддасини сотиш билан шуғулланаётган жиноий гуруҳ қўлга олинган ва жами 9,4 килограмм опий мусодара этилган. Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ўтказилган «Қорадори – 2016» тадбири давомида икки фуқародан 2 килограммдан ортиқ героин олинган.
2016 йил давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аниқланган жиноятлар бўйича 3,5 тоннадан зиёд наркотик воситалар мусодара қилинган.
– Гиёҳвандликка қарши курашиш борасида халқаро ҳамкорлик қандай йўлга қўйилган?
– Наркотик моддаларнинг суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган комплекс чоралар дастурида халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш масалалари алоҳида ўрин олган. Ўзбекистон Республикаси томонидан гиёҳванд моддалар назорати соҳасидаги икки ва кўптомонлама ҳамкорликка оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардаги мажбуриятларга доир фаолият давом этмоқда.
Ўзбекистон ва Словакия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида тезкор маълумотлар алмашишнинг амалий механизми жорий этилди. Шу мақсадда 2016 йил 20 сентябрь куни Тошкент шаҳрида икки давлат ҳукуматлари ўртасида “Гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида”ги битим имзоланди.
Халқаро ҳамкорлар кўмагида мутасадди ташкилотларнинг моддий-техник ва кадрлар салоҳиятини оширишга йўналтирилган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиё давлатлари учун 2015-2019 йилларга мўлжалланган дастури доирасида Япониянинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда афғон наркотиклари контрабандасига қарши курашиш мақсадида идоралараро мобиль гуруҳларни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати 2,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Дастур доирасида “Ўзбекистоннинг эксперт-криминалистика лабораториялари салоҳиятини ошириш” лойиҳаси устида ҳам иш олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида республика эксперт-криминалистика лабораториялари учун ISO-17025 халқаро стандарти сертификатини олиш ва лаборатория асбоб-ускуналарини янгилаш кўзда тутилган.
БМТ ва НАТО ҳамкорлик лойиҳаси доирасида 4 ўқув машғулоти ташкил этилиб, мазкур тренингларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 50 ходими иштирок этди.
Халқаро ҳамкорлар кўмаги ва хорижий мутахассислар иштирокида тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг 204 ходими гиёҳвандликнинг тарқалиши, наркотрафик ва наркотик моддаларга қарши курашиш йўналишида ўтказилган тренинг ва семинарларда қатнашди. Шу жумладан, 119 нафари хорижий давлатларда ташкил этилган семинарларда иштирок этди.
– Дунё миқёсида наркотик моддалар айланиши борасида аҳвол қандай? Наркотик моддаларнинг қайси турлари кўпроқ учрамоқда?
– Дунё бўйича нарковазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири Афғонистонда етиштириладиган наркотик воситалар бўлиб қолмоқда. БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг сўнгги тадқиқотига кўра, 2016 йилда Афғонистонда кўкнори экиб етиштириладиган майдонлар 201 минг гектарни ташкил этиб, 2015 йилга нисбатан 10 фоиз кўпайган.
Наркотик моддаларнинг ноқонуний бозорида янги турдаги сунъий психофаол воситалар, яъни “спайс” тарқалиши тенденциялари кузатилмоқда. Гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқарувчи жиноятчилар қонун олдида жавобгарликдан қутулиш учун уларнинг кимёвий таркибини ўзгартириб, назоратга олинмаган синтезлашган аналогини ишлаб чиқариб, уларнинг ноқонуний бозорда тез тарқалишига ҳаракат қилмоқда.
Хозирги кунда БМТнинг тегишли тузилмалари томонидан янги психофаол воситаларнинг рўйхатини тузиш устида иш олиб борилмоқда.
– Марказ келгусида қандай ишларни амалга оширишни режалаштирган?
– Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Наркотик моддаларнинг суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган комплекс чоралар дастури”да белгиланган чора-тадбирларни мувофиқлаштириш, шу йўналишдаги ишларни кучайтириш марказимиз олдида турган муҳим вазифалардан.
Шу кунларда мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги доирасида қатор тадбирлар амалга оширилаётир. Ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида мавзуга оид кўрик-танловлар, маҳаллаларда ҳуқуқ-тартибот ва соғлиқни сақлаш идораларининг вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида махсус кўрсатув ва эшиттиришлар берилиб, мақолалар эълон қилинмоқда. Ноқонуний муомаладан олиб мусодара этилган гиёҳвандлик воситалари ёқилади.
Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига ва гиёҳвандликнинг тарқалишига қарши курашиш чораларини мувофиқлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш минтақавий комиссиялари котиблари учун семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Бундай чора-тадбирлар нафақат ойлик доирасида, балки мунтазам давом эттирилади. Зеро, булардан кўзланган мақсад гиёҳвандликнинг салбий таъсиридан аҳоли, айниқса, ёшларимизни ҳимоя қилишдир. Бу омиллар пировардида халқимизнинг соғлом ҳаётини таъминлашга хизмат қилади.
Манба: ЎзА