Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ноёб қўлёзмаларни сотиб олади

2017-06-14 | Жамият

Ватанимиз қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган. Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси маҳсули – қадимий ёзма манбалар халқимизнинг буюк маънавий бойлигидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу ёзма манбаларни тадқиқ этувчи шарқшунос ва манбашунос олимлар учун янада кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Қарор билан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қадимий қўлёзмаларни сақлаш, ўрганиш, илмий асосда тадқиқ этиш ва тарғиб қилиш бўйича мамлакатимиздаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди. Мазкур институт директори ўринбосари, тарих фанлари доктори Сурайё Каримова ЎзА мухбирига қарорда белгиланган мақсад-вазифалар моҳияти, кўзда тутилаётган режалар, ноёб ёзма манбаларнинг башарият тамаддунидаги ўрни ва бугунги глобаллашув шароитидаги аҳамияти ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди. 

– Мустақиллик йилларида кўп асрлик маданий ва илмий ютуқларимиз акс этган ёзма ёдгорликларни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Ҳаёт давом этар экан, бу соҳада янги-янги замонавий талаблар кун тартибига қўйилиши табиий. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу ҳаётий зарурат нуқтаи назаридан қабул қилинган тарихий ҳужжатдир. 

Институтимиз қўлёзмалар фонди жаҳондаги энг нодир маънавий хазиналардан бири бўлиб, олти бўлимда 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоблар ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлар, хаттотлик намуналари ва миниатюралар коллекцияси мавжуд. Улар Марказий Осиё, хорижий Шарқ халқларининг тарихи, маданияти, адабиёти ва фанлари тарихини ўрганиш учун бирламчи манбалардир. Мазкур фонд 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. 

Энг ноёб қўлёзмаларимиздан бири – куфий хати билан ёзилган Қуръони каримнинг IХ асрда кўчирилган қадимий ва табаррук нусхаси. Яна фондимизда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Маҳмуд Замахшарий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Носириддин Рабғузий, Шарафиддин Али Яздий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммадризо Огаҳий ва бошқа кўплаб улуғ аллома ва мутафаккирларнинг қўлёзмалари сақланмоқда. Улар тарих, адабиёт, тил, фалсафа, ҳуқуқ, фалакиёт, математика, кимё, табобат, доришунослик, жуғрофия, ислом илмлари ҳамда бошқа соҳаларга доир бўлиб, замонавий илм-фан ва тараққиёт учун ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. 

Институт илмий ходимларининг йиллар давомида олиб борган самарали фаолияти натижасида фонддаги қўлёзмаларнинг 11 томли “Собрание восточных рукописей” (“Шарқ қўлёзмалари тўплами”) каталоги нашр қилинган. Фаннинг турли соҳалари бўйича алоҳида мавзули каталоглар чоп этилган. 2016 йилда институт асосий фондининг 13 минг жилддан ортиқ қўлёзмалари тавсифини ўз ичига олган инглиз тилидаги электрон каталог тузилди. Жорий йил якунига қадар мазкур электрон каталог интернет тармоғида жойлаштирилади. Хоразмий, Беруний, Фарғоний, Ибн Сино, Розий, Форобий, Мирзо Улуғбек каби буюк қомусий олимларимизнинг қатор илмий асарлари ўзбек ва рус тилларида илмий-изоҳли таржима шаклида, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумига кирувчи китоб-альбомлар нашр қилинган. 

Бугун тарихий манбаларни нашр қилишда кўпроқ Амир Темур ва темурийлар даври, нисбатан кам тадқиқ этилган ХVI-XIX асрлар манбаларига эътибор қаратилмоқда. Сўнгги беш йилда 10 дан ортиқ тарихий манбалар нашрдан чиқарилди. Уларнинг аксарияти матншунослик тадқиқотлари маҳсулидир. Бу – халқимизнинг “Илм билан шуғулланиш игна билан қудуқ қазиш билан баробардир” деган ҳикматининг ҳаётий исботи. Олимларимиз орасида қўлёзмалар устида 10-20 йиллаб, ҳатто умрбод ишлаётган инсонлар бор. 

Институт халқаро ҳамкорликда ҳам қатор ишларни амалга оширмоқда. ЮНЕСКОнинг Самарқанддаги Марказий Осиё тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда машҳур шоир ва тарихнавис Муҳаммадризо Огаҳийнинг Хива хонлиги тарихига оид “Жомеъ ал-воқеоти султоний”, “Зубдат ат-таворих” асарлари, Жумақули Ҳумулийнинг Бухоро хонлиги тарихига доир “Тарихи Ҳумулий” асарининг танқидий матнлари, Токио университети билан ҳамкорликда нашр қилинган “Кокандское ханство: власть, политика и религия” монографияси шулар жумласидан. 

Давлатимиз раҳбарининг қарори билан замонавий талаблар асосида институтнинг асосий вазифа ва фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилгани фаолиятимиз кўламини янада кенгайтиш, янги сифат босқичларига олиб чиқиш имконини беради.


Дастлабки вазифа – Шарқ қўлёзмалари фондини сақлаш, таъмирлаш, бойитиш ва муайян тизимга келтириш, араб ёзувидаги турли мавзуларга оид ёзма ёдгорликлар ва эпиграфика намуналарини тадқиқ қилиш, уларни асл ҳолида, ўзбек ва хориж тилларида илмий изоҳлар, таржималар билан нашр этиш, илмий муомалага киритишдан иборат. Илгари фан ва Марказий Осиё тарихига оид манбалар кўпроқ ишланган бўлса, энди фалсафий мазмундаги, мумтоз Шарқ адабиётига оид қўлёзмаларга асосий эътибор қаратамиз. Бу манбаларнинг махсус каталогларини тузишни бошладик. 

Бу борада бой тарихий, илмий, маънавий-интеллектуал меросимизни сақлаш, илмий таҳлил қилиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида соҳа мутахассисларига, тегишли таълим йўналишларида таҳсил олаётган ўқувчи ва талабаларга батафсил маълумот бериб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ундан замонавий илм-фан, маънавият ва амалиёт ривожида самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. 

Аҳолида кўплаб ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар сақланмоқда. Уларни излаш, харид қилиш ва фондга жамлаш, тадқиқ этиш ва кейинги авлодларга етказиш – муҳим вазифа. Президентимиз қарори билан бу борада катта имкониятлар яратилди – институт фондини аҳолида сақланаётган ноёб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатлар ҳисобига бойитиш бўйича экспертлар гуруҳи, ноёб манбаларни баҳолаш ва сотиб олиш бўйича комиссия тузилди. Энди ноёб манбалар Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси белгилаган тартибда тасдиқланадиган низомга асосан харид қилинади. 

Бу жараённинг механизми ишлаб чиқилмоқда. Содда айтганда, бунда археографик экспедициялар уюштирилиб, ноёб манбалар аниқланади. Экспертлар гуруҳи ҳамда Комиссиянинг тегишли хулосалари билан улар баҳоланади, нархланади. Мулк эгасининг розилиги билан бу манбалар сотиб олинади. Бунда бирламчи мезонлар – манбанинг қадимийлиги, илмий қиммати ва сақланиш ҳолатига дахлдор. Манба ягона нусха ё муаллиф дастхати билан битилган бўлса, анча қимматбаҳо ҳисобланади. Масалан, 2015 йили Абу Ҳафс Насафийнинг “Матла ан-нужум ва мажма ал-улум” (“Юлдузларнинг тўпланиши ва илмларнинг жамланиши”) асари нашр қилинди. XIV асрда кўчирилган бу қўлёзма шу асарнинг дунёдаги ягона нусхаси бўлиб, у фондимизда сақланади. 2016 йили Муҳаммад Азиз Марғилонийнинг “Тарихий Азизий” асари факсимил нухсада чоп қилинди. Бу ҳам ягона нусха бўлиб, қўлёзмани муаллифнинг ўзи XIX асрда ёзган. 

Агар халқимиз орасида кимдадир шундай ноёб қўлёзмалар бўлса, институтимизга мурожаат қилиши мумкин. Европа ва Осиёнинг кўплаб мамлакатлари кутубхоналарининг “олтин фонд”ини ташкил этаётган аждодларимиз асарларининг электрон нусхаларини айирбошлаш ёки олиш ҳисобидан мамлакатимизга келтириш кўзда тутилмоқда. 
 
Мазкур қарорда ўрта асрларда ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида яшаб ижод қилган аллома ва мутафаккирларнинг математика, фалакиёт, физика каби аниқ фанлар, тиббиёт, кимё, жўғрофия сингари табиий фанлар, тарих, адабиёт, фалсафа ва бошқа ижтимоий фанлар, ислом динига оид меросини тадқиқ қилишни кенгайтириш борасида ҳам муҳим вазифалар белгиланди. 

Бундай долзарб муаммоларнинг оқилона ечими – инновация, интеллектуал билим ва илм-фаннинг янги ютуқларини амалиётга татбиқ этишдир. Бу тикланувчи энергия манбалари ё экологик муаммолар ёхуд озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ёки тиббиёт ва фармацевтика бўладими, барча соҳада асосий масаладан бири ˜– кўп асрлар мобайнида вужудга келган қонуниятларни қайта идрок этиш ва янгича баҳолаш билан боғлиқ. Бу бизни қуршаб турган борлиқни кенг миқёсда ўрганиш, бу борада чуқур илмий тадқиқот ва тажрибалар олиб бориш демакдир. 

Қарор билан институт фондидаги 2017-2021 йилларда нашр этилиши режалаштирилаётган қўлёзма асарлар рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, тарих, астрономия, тиббиёт, фалсафа, ислом илмларига оид 28 ноёб ёзма манба илмий-изоҳли таржимаси билан нашрдан чиқарилади. Соҳибқирон Амир Темурнинг хатлари, Бухоро амири Абдулаҳаднинг Петербург сафарлари кундаликлари, Абу Райҳон Берунийнинг фалакиёт ва доришуносликка оид тўрт асари, Абу Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Собир Термизий, Бурҳониддин Марғиноний асарлари, Абу Ҳафс Насафийнинг фиқҳий ҳукмлар тўплами шулар жумласидан. 

Яна бир ниҳоятда долзарб масала – асосан араб, форс ва туркий тилларда битилган қўлёзмаларни “тил”га киритиш. Уларни ўқиш ва уқишга қодир, ўзини шу ҳассос ишга бағишлайдиган ёш кадрлар, афсуски, кўп эмас. Шу боис Президентимиз қарорида матншунослик, адабий манбашунослик, тилшунослик, фалсафа, маданият тарихи соҳаларида миллий маданий меросимизнинг ҳали ўрганилмаган қатламларини очиб беришга йўналтирилган илмий тадқиқотларни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Тошкент давлат шарқшунослик институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети каби мазкур соҳада фаолият кўрсатадиган олий таълим муассасалари билан бирга қўлёзмалар билан ишлаш малакасига эга ёш мутахассисларни режа асосида мақсадли тайёрлаш ва институтимизнинг илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш, мазкур олий таълим муассасалари битирувчилари ҳисобидан институтнинг кадрлар таркибини янгилаб бориш, қўлёзмалар билан ишлаш кўникмасига эга бўлган ёш кадрлар захирасини шакллантириш белгиланган. 

Институтимизда хорижий Шарқ мамлакатлари тарихи, ривожланиш босқичлари, ушбу давлатларда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва маданий жараёнларни уларнинг Ўзбекистон Республикаси билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатлари нуқтаи назаридан ўрганиш бўйича ишлар тўхтаб қолганди. Президентимиз қарори билан бу илмий тадқиқотларнинг тикланиши мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига эришишда муҳим омил бўлади. 

Яна бир янгилик: қарорда белгиланганидек, мамлакатимиздаги турли ташкилотларда сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларнинг сақланиш ва таъмирланиш ҳолати мониторинг қилиниб, уларнинг электрон базаси яратилади. Шу билан бирга, институт фондида сақланаётган қадимий қўлёзмаларни босқичма-босқич реставрация қилиш учун зарур реактивлар ва сарфланувчи материалларни сотиб олиш, институтнинг фото ва реставрация лабораторияларини замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан маблағлар ажратилишини нафақат институтимиз жамоаси, балки бутун олимларимиз ва зиёлиларимиз катта хурсандчилик билан кутиб олди. 

Фонддаги қўлёзма ва тошбосма манбалар ҳамда тарихий ҳужжатларни таъмирлашда муайян муаммолар бор эди, материаллар етишмасди. Реставратор мутахассисларга эҳтиёж катта. Чунки бугун институт фондида тарихий ҳужжатлар – қозихона ҳужжатлари, ёрлиқлар, вақфномалар ва турли ёзишмалар тўпламларининг аксарияти таъмирлаш ва реставрацияга муҳтож. Айримлари қўлда тутиш билан титилиб кетиш хавфи остида. Энди институт фото ва реставрация лабораториялари замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Бу йўналишдаги ходимлар сони кўпайтирилади. Уларнинг ойлик иш ҳақига 30 фоиз миқдорда қўшимча устама ҳақ тўланади. 

Шу кунларда яна бир муҳим воқеа арафасидамиз: Ўзбекистон – Ўмон Султонлиги ҳамкорлиги доирасида институтимиз учун янги бино қурилди. Кузда мазкур бинонинг очилиш маросими бўлади. Президентимиз қарорига биноан мазкур янги бинода Шарқ қўлёзмалари музейи ташкил этилади. Мўъжаз музейда институт фондида сақланаётган энг нодир қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, миниатюра ва хаттотлик намуналари намойиш этилади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимизнинг кўп асрлик ноёб илмий-маънавий хазинасидан оқилона фойдаланишга кенг йўл очмоқда. Бу кўҳна тарихнинг қадим ҳақиқати – қайси давлатда тинчлик ва барқарорлик бўлса, илм-фан тараққиётига эришилишининг яна бир амалий исботидир. Зеро, тарихни пухта билмай, аждодларимизнинг оламшумул кашфиётларини чуқур ўрганмай туриб, билим, маърифат ва маънавиятга таянмасдан янги марраларни эгаллаб бўлмайди. 
 

 

Умид Ёқубов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться