Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таътил мароқли ўтади
2017-06-14 | Жамият
Андижон вилоятида жорий ёз мавсумида шаҳардан ташқарида жойлашган 14, умумтаълим мактаблари қошидаги 43 болалар оромгоҳида 22 минг 450 бола ҳордиқ чиқаради. Корхона ва ташкилотларда ташкил этилган “Меҳнат ва дам олиш” масканлари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ихтиёрида.
Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги “Шифокор” болалар оромгоҳида вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, маданият бошқармалари, касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳамкорлигида ўтказилган семинарда шу ҳақда маълумот берилди.
Вилоятдаги болалар оромгоҳлари раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этган семинарда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши учун замонавий шароит яратиш, хусусан, болаларнинг ёзги таътилни мазмунли ўтказишини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Оромгоҳларни ободонлаштириш, зарур инвентарлар, турли жиҳозлар, спорт буюмлари, маърифий-бадиий адабиётлар, дори-дармон билан таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Оромгоҳларда иш олиб бориш учун етарли тажриба ва малакага эга педагоглар, тарбиячилар, тиббиёт ходимлари жалб этилган. Сифатли озиқ-овқат, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан таъминлашда фермер хўжаликлари, мутасадди ташкилотлар билан тузилган шартномалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш, оромгоҳлар қошида ташкил этилган тиббий пунктлар ишини намунали юритиш, биринчи ёрдам кўрсатиш учун 14 турдаги, режали ёрдам кўрсатиш учун 32 турдаги дори-дармон захирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Оромгоҳлардаги покизалик, санитария-гигена қоидаларига амал қилиниши қатъий назоратга олинган, – дейди вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази Болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими мудири Шаҳноза Ҳакимова. – Озиқ-овқат сифати, болаларга берилаётган овқатларнинг меъёрига алоҳида эътибор қаратилиши қатъий белгиланган.
Семинарда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, халқ таълими муассасалари, маданият, спорт бўлимлари ҳамкорлигида фестиваллар, спорт тадбирлари, санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, турли кўнгилочар кечалар ўтказиш, оромгоҳларда ижодиёт марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, спорт ва фан тўгараклари ташкил этиш, қизиқарли машғулотлар уюштириш бўйича вазифалар белгиланди.
Манба: ЎзА