Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутат ва сенаторлар жойларга чиқиб камчилик ва муаммоларни ўрганмоқда
2017-06-13 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари Бухоро вилояти Қоракўл туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ўрганишлар натижаси халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида давлат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, туман ҳокими Ҳ.Ғойиров ва бошқалар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида муайян ютуқларга эришилаётгани, турли соҳаларда қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани натижасида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажми ортаётганини таъкидлади.
Сессияда ютуқлар билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмас. Кичик бизнес субъектларининг 7 фоизи фаолият кўрсатмаяпти, банк кредитлари ажратилиши масаласида эътиборсизликка йўл қўйилмоқда.
Жорий йил январь ойида Халқ банки туман филиалига фуқаро Ш.Ашуров томонидан чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида кредит олиш бўйича қилинган мурожаат ҳозирга қадар ҳал этилмаган. Коллеж битирувчилари учун тижорат банклари томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар сони ва суммаси тасдиқланган режадан анча паст. Қоракўл тиббиёт коллежи битирувчилари томонидан тадбиркорликни бошлаш мақсадида кредит олиш учун “Агробанк” туман филиалига тақдим этилган 12 лойиҳанинг бирортаси кўриб чиқилмаган.
Томорқадан самарали фойдаланишда сув таъминотидаги муаммолар салбий таъсир кўрсатмоқда. Чатқаш қишлоғида яшовчи ўнлаб оила томорқани етарли даражада суғора олмаётганидан шикоят қилмоқда. Аҳоли туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идораларга 2014 йилдан буён ариқ қазиш учун рухсат сўраб мурожаат қилаётган бўлса-да, масала ижобий ҳал этилмаган. Дўкир ариғининг 5,2 километрлик қисмига бетон қоплама ётқизилса, гидроиншоотнинг сув ўтказиш қуввати ошади. Бу Янгиер ва Камолот қишлоқларидаги фермер хўжаликларининг 380 гектар экинзори ва юзлаб аҳоли хонадони томорқасини суғоришда қулайлик яратади.
Йиғилишда ижтимоий масалалар ҳам чуқур таҳлил қилинди. Халқ таълими муассасаларида айрим фанлар бўйича ўқитувчилар етишмайди. 10 умумтаълим мактабида спорт зали йўқ. Мактабгача таълим муассасаларининг 16 таси реконструкция ва мукаммал таъмирга муҳтож. Тумандаги мактабгача ёшдаги 9 минг 100 дан ортиқ боланинг атиги 17 фоизи мактабгача таълим муассасаларига жалб этилган.
Соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар етишмаслиги масаласи муаммолигича қолмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасининг дори воситалари билан таъминланганлик даражаси 38 фоиз атрофида. Бирлашма таркибидаги тез ёрдам бўлими моддий-техник базаси замон талабларига жавоб бермайди. Бу айрим оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларига ҳам тааллуқли.
– Жойларда аҳоли ҳудуддаги автомобиль йўллари носозлигидан шикоят қилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Собиров. – Тумандаги жами 128 километрлик маҳаллий йўлларнинг 72 километри таъмирталаб. Муаммо мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинди. Туман йўл ташкилоти тасарруфидаги 1983 йилда қурилган ва бугунги кунда яроқсиз ҳолга келиб қолган асфальт заводини янгидан қуриш керак.
Сессияда аҳолига савдо ва транспорт хизмати кўрсатиш сифати ва маданиятини яхшилаш, туман марказидаги маданият ва истироҳат боғи фаолиятини тиклаш, коммунал тўловлар бўйича қарздорликларни бартараф этиш, маҳалла фуқаролар йиғинлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бошқа масалалар ҳам танқидий таҳлил қилинди.
Йиғилишда халқ депутатлари туман Кенгаши, доимий комиссиялар, партия депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди.
Манба: ЎзА