Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Орол дарди-олам дарди
2017-06-13 | Экология
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Қорақалпоғистон Республикасида Орол денгизи ва унинг атрофидаги экологик вазият билан яқиндан танишгани ушбу глобал муаммога халқаро ҳамжамият эътиборини яна бир карра қаратди.
Мартабали меҳмон Орол фожиасининг салбий оқибатларини юмшатиш, Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш, бу ерда истиқомат қилаётган аҳоли генофонди ва саломатлигини сақлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, амалий чора-тадбирларни янада кенгайтириш долзарб вазифалардан эканлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашув ва мулоқотлар чоғида илгари сурилган ташаббуслар, истиқболли лойиҳалар соҳа мутахассислари, экологлар, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан қизғин кутиб олинди.
Алмас ТОВАШЕВ, кекса балиқчи:
— Ҳаётимнинг энг гўзал дамлари, умримнинг навқирон палласи Орол денгизида ўтди. Ҳисоблаб кўрсам, нақ 40 йил балиқ овлабман...
Невараларим тенги ёшларга яқин-яқингача Мўйноқ тумани аҳолисининг 80 фоизи балиқчилик билан шуғуллангани, 12 та балиқчилик хўжалиги, 6 та балиқни қайта ишлаш заводи, битта балиқчилик комбинати фаолият юритганини айтсам, очиғи, ҳайрон қолишади. Худди эртакдек туюлади уларга. Бироқ денгизда 200 дан зиёд кемалар сузиб, балиқ овлагани ҳали-ҳамон кўз ўнгимда турибди.
Балиқчиликдан ташқари, чорвачилик, паррандачилик хўжаликлари ҳам фаолият юритган, қимматбаҳо мўйналар етиштирилган...
Бугун қадрдон денгизга қараб ачинаман. Ахир минг йиллардан бери барқарор бўлиб келган табиатимизда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси тобора камайиб кетмоқда. Агар бу муаммо ҳозир ҳал этилмаса, оқибатларини бартараф этиш жуда қийин кечади.
Туманимизда БМТ Бош котиби иштирокида бўлиб ўтган тадбирларда билдирилган фикр-мулоҳазалар, унда илгари сурилган ғоялар амалга ошса, ўйлайманки, табиат ва келажак авлод олдида юзимиз ёруғ бўлади.
Жамила ДАВЛЕТОВА, Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари:
— Орол денгизининг экологик ҳалокати минтақа аҳолиси генофонди ҳамда саломатлигига жиддий хавф туғдирмай қолмади. Бунга 25 йилдан ортиқ фаолиятим давомида яқиндан гувоҳ бўлиб турибман. Хусусан, ушбу муаммо Қорақалпоғистон Республикасида эндокрин, қон айланиш тизими, буйрак, нафас олиш, камқонлик, овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари кўпайишига сабаб бўлди. Ҳозирги пайтда нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ва Туркманистоннинг Орол фожиаси кучли таъсири остида қолган ҳудудлари аҳолиси, биринчи навбатда, болаларнинг турли -хасталикларга чалиниши ортиб бораётгани энг долзарб масала саналади.
Эҳтимол, эндиликда Орол денгизини тўлиқ қайта тиклаш имкони йўқдир. Аммо бу инқирознинг атроф-муҳит ва минтақада яшаётган миллионлаб аҳоли ҳаётига ҳалокатли таъсирини пухта ўйланган, тегишли молиялаштириш манбалари билан таъминланган лойиҳаларни амалга ошириш орқали камайтириш жуда муҳим аҳамиятга эга. БМТ шафелигида аниқ манзилли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, одамларнинг муносиб турмуш кечиришига зарур шарт-шароит яратиб берилиши мақсадга мувофиқдир.
Перизат ИЛЯСОВА, Мўйноқ саноат-транспорт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:
— Эсимни таниганимдан буён ота-онам ва устозларимиздан Орол денгизининг дунёдаги энг йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бири бўлгани, у Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва барқарор ижтимоий инфратузилмани шакллантиришда катта ўрин тутгани ҳақида кўп эшитганман. Ўша пайтларда сув ҳавзасидан йилига 35 минг тоннагача балиқ овлангани, ҳудуднинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси жуда бой бўлгани ҳақида кўп эшитганмиз. Ҳақиқат шундаки, Оролбўйи минтақаси учун барака ва фаровонлик манбаи ҳисобланган ушбу улкан денгиз бир авлод кўз ўнгида батамом йўқолиб кетиш хавфи остида турибди.
Суви чекинган 5,5 миллион гектар майдонда пайдо бўлган Оролқум саҳросидан кўтарилаётган чанг-тўзонлар узоқ-узоқларгача етиб бориб, экологияни ишдан чиқараяпти, аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Давлатимиз томонидан ушбу масалага жиддий эътибор қаратилиб, катта-катта маблағлар эвазига кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётганидан хабардормиз. Улар биз учун ибратдир. Атроф-муҳитни асраб-авайлаш, табиатни борича сақлаш инсоний бурч эканини ёши катталар, устозларимиз кўп уқтиришади. Ана шу ўгитларга амал қилиб, экологияни яхшилаш йўлидаги саъй-ҳаракатларга камарбаста бўлишни вазифамиз, деб биламиз.
Манба: «Халқ сўзи»