Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ногиронликнинг аниқланиши ва статистикаси бўйича минтақалараро йиғилиш
2017-06-13 | Жамият
2017 йилнинг 6-8 июнь кунлари Алмата шаҳрида (Қозоғистон) «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган барқарор тараққиёт мақсадлари ҳамда 2020 йилгача аҳоли турар жой фондини рўйхатга олиш бутун жаҳон дастури»нинг кун тартибини қўллаб-қувватлаш мақсадидаги ногиронликнинг аниқланиши ва статистикаси масаласи бўйича 17 та мамлакат статистика идоралари (Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Босния ва Герцеговина, Хорватия, Грузия, Туркия, Руминия, Тожикистон, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Афғонистон, Беларус, Қозоғистон, Албания, Болгария, Украина ) ҳамда 6 та халқаро ташкилот (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг статистика бюроси, Осиё ва Тинч океани мамлакатлари учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти, Вашингтон гуруҳи, ЮНИСEФ, МДҲ статистика қўмитаси ) вакиллари иштирокида минтақалараро йиғилиш ўтказилди.
Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистка қўмитасининг вакили-Ижтимоий соҳа статистикаси ахборотларини тайёрлаш бўлими бошлиғи Ш.Абраев иштирок этди.
Йиғилишда ногиронликнинг аниқланиши ва статистикаси бўйича МДҲ ва Европа мамлакатларининг амалдаги тажрибаси ҳамда глобал мониторинг учун Барқарор Тараққиёт Мақсадларининг ногиронлик статистикаси билан боғлиқ кўрсаткичларини шакллантириш учун зарур маълумотларга бўлган талаб масалалари кўриб чиқилди, шунингдек ногиронлик статистикаси бўйича маълумотларни шакллантирувчилар томонидан ўз вақтида, юқори сифатли ва ишончли статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишда учрайдиган мураккаб вазифалар, ногиронлик бўйича статистик маълумотларнинг халқаро даражада таққослаш имкониятларини кенгайтиришга нисбатан кўриладиган аниқ чоралар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги