Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ШҲТнинг Остона саммити
2017-06-10 | ШҲТ
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8-9 июнь кунлари Остона шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг cаммитида иштирок этди.
Саммит 9 июнь куни Остона шаҳрининг Мустақиллик саройида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги мажлиси билан бошланди. Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев раислигида ўтган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди.
Мажлисда ШҲТ ва унинг тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарлари ШҲТнинг сўнгги саммитида келишилган масалалар – Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, гуманитар ҳамда транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга доир кенг кўламли масалаларни кўриб чиқдилар.
ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури ва бошқа ҳужжатлар ижросига эътибор қаратилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитида Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ва Непалга ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари мақоми берилган эди.
Давлатлар раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида кузатувчи мақомидаги мамлакатлар делегациялари раҳбарлари – Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Мўғулистон Республикаси Президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф иштирок этди. Мажлисда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев қатнашди. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби ўринбосари Аманжол Жанқулиев, АСЕАН Бош котиби Ле Лионг Мин иштирок этди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари Афғонистондаги вазиятни тезроқ барқарорлаштириш бутун минтақамизда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Ўзбекистон Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш бўйича афғон халқи ва халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлайди.
Ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб вояга етишида давлатлараро ҳамкорликнинг аҳамияти катта.
Самарқанд шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўмагида Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказининг ташкил этилиши миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади, деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш тарафдоридир. Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида кенг кўламли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга биз алоҳида аҳамият қаратамиз.
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши мамлакатларимизнинг жаҳон бозорига қисқа йўллар орқали чиқиш имкониятларини кенгайтиришда алоҳида аҳамиятга эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ШҲТ давлатлари темир йўл соҳаси раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ташкил қилиш зарурлигини таъкидлади.
ШҲТ марказлари – халқ дипломатиясининг доимий фаолият юритувчи институтларини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Ташкилотнинг 2016 йилги Тошкент саммитида Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзоланган эди.
Остона саммитида Ҳиндистон ва Покистон ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзоси мақомига эга бўлиши Ташкилот имкониятларини кенгайтириб, халқаро майдонда долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақа ва дунёда хавфсизлик, барқарор тараққиётни таъминлашда кўп томонлама механизм сифатида Ташкилот ролини янада оширишга хизмат қилади.
ШҲТга аъзо давлатлар халқаро терроризм, сепаратизм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотик ва психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига, ахборот хавфсизлигига таҳдид солаётган хавфларга қарши фаол, изчил курашмоқда.
Саммит иштирокчилари ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси фаолиятига оид ахборотларни тинглаб, уларнинг фаолиятини ижобий баҳолади. Ушбу тузилмаларга Ташкилот доирасида барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни, хусусан, макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини жадал ривожлантириш, саноат инфратузилмаларини модернизация қилиш, сармоявий лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, ишбилармон доиралар ва молиявий тузилмалар ўртасида бевосита алоқаларни кенгайтириш орқали ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш тавсия этилди.
Саммит якуни бўйича Остона декларацияси қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда саммит самарали ўтгани, имзоланган ҳужжатлар ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик Хитой Халқ Республикасига ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммити доирасида қатор давлатлар раҳбарлари билан учрашди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев билан учрашувда бу галги мулоқот давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим босқич бўлиши, Самарқанддаги учрашувда эришилган келишувларни мазмунан бойитишини таъкидлади.
Алмазбек Атамбоев ўзбек ва қирғиз халқларининг азалий қардошлик муносабатлари, урф-одат ва анъаналари ўхшашлиги ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини қайд этди.
Кейинги пайтларда икки давлат ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқотлари, ҳукуматлар ва ҳудудлар даражасида делегациялар алмашинуви амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз жамоатчилиги вакилларининг Андижон ва Ўш шаҳарларига ўзаро ташрифи бўлиб ўтди.
Президентлар сиёсий мулоқотни янада фаоллаштириш ва ижтимоий-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш масалаларини муҳокама этиб, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари Ҳиндистон Бош вазирини Ҳиндистоннинг ШҲТ аъзолигига қабул қилингани муносабати билан табриклади.
Президентимиз мазкур учрашув Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг 2016 йил мамлакатимизга амалга оширган ташрифи давомида эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилиш ва ҳамкорликнинг истиқболларини белгилаб олиш учун яхши имконият эканини таъкидлади.
Нарендра Моди Ўзбекистон Ҳиндистонни ШҲТга аъзоликка қабул қилиш тўғрисидаги таклифни қатъий қўллаб-қувватлаб келгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Ушбу тарихий воқеа ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида минтақавий муносабатларни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратишини қайд этди. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар бундан кейин ҳам изчил ривожланиб боришига ишонч билдирди.
Ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилар экан, 2016 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 15 фоиз ўсиб, 366 миллион АҚШ долларини ташкил қилгани таъкидланди. Бироқ бу кўрсаткич икки давлат салоҳияти ва имкониятларини тўлиқ акс эттирмайди. Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва таркибини диверсификация қилиш учун улкан салоҳиятга эга.
“Навоий" эркин иқтисодий зонасида "Минда" компанияси билан автомобиллар бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш, "Новафарм" ва "Ультра Хелс Кеар" компаниялари билан Сурхондарё вилоятида дори-дармон ва Тошкент вилоятида инъекция препаратлари ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналар ташкил этилгани икки давлат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликка ёрқин мисолдир.
Биргаликда дастурий маҳсулотлар яратиш ва телекоммуникация ускуналари, мева-сабзавот, пилла ва чармни чуқур қайта ишлаш, экспорт учун тайёр маҳсулотлар, автомобиль эҳтиёт қисмлари, электротехника маҳсулотлари, маиший кимё товарлари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқариш каби соҳаларда истиқболли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Испания Қироли Филипп VI билан учрашди.
Ўзбекистон раҳбари мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик муносабатлари узоқ ўтмишга бориб тақалишини таъкидлади.
Олти аср муқаддам Соҳибқирон Амир Темур ва Кастилия қироли Энрике III ташаббуси билан Самарқандда ва Кастилия пойтахти Сеговияда элчихоналар очилган. Ўзаро ҳамкорликнинг бугунги юксак даражасига Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва Испания Қироли Хуан Карлос I ўртасида қарор топган яқин муносабатлар туфайли эришилди.
Шавкат Мирзиёев ва Филипп VI ўзаро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама этиб, халқаро аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Томонлар давлатлараро алоқаларни кенгайтиришда олий даражадаги мулоқот муҳим ўрин тутишини таъкидладилар. Ташқи сиёсат маҳкамаларининг мунтазам маслаҳатлашувлари нафақат долзарб минтақавий ва халқаро сиёсат масалалари бўйича фикр алмашиш, балки турли даражадаги келгуси учрашувлар жадвали ва кун тартибини ишлаб чиқиш ҳамда келишиш имконини бермоқда.
Давлатлараро муносабатларнинг муҳим буғини бўлган савдо-иқтисодий ва инвестициявий, транспорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам томонлар диққат марказида бўлди.
Савдо соҳасида ўзаро кўплаб қулайликлар яратилиб, сезиларли даражада, яъни жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида тўрт баробар ўсишга эришилганига қарамасдан, бу борадаги кўрсаткичлар имконият даражасида эмас. Ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш ва таркибини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистон билан Испания бунинг учун барча имконият ва салоҳиятга эга экани таъкидланди.
Ўзбекистон мамлакатимизда Испания бизнесининг, хусусан, нефть-газ, энергетика, кимё, фармацевтика, тўқимачилик, пардозлаш материаллари ва сопол маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида юқори технологияли корхоналар ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали кенгайишидан манфаатдор.
Испания туризм соҳасида улкан натижаларга эришган ва бу борада жаҳон миқёсида илғор тажрибага эга. Шу муносабат билан томонлар ушбу соҳада узоқ муддатли тизимли ҳамкорлик ўрнатиш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ташкил этиш ва унинг дастлабки мажлисини шу йил Тошкентда ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ЭКСПО – 2017 халқаро ихтисослаштирилган кўргазманинг расмий очилиш маросимида иштирок этди.
Шу билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи ниҳоясига етди.
Остона – Тошкент.
Манба: ЎзА