Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро кузатувчилар Жиззахда
2015-03-13 | Жамият
Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси халқаро кузатувчилари Жиззах вилоятида бўлиб, Президент сайловига тайёргарлик жараёнининг бориши билан танишди.
Миссия вакиллари Симус Франсис Мартин ва Ива Каролина Сухонен Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 4-Жиззах округ сайлов комиссияси аъзолари билан учрашди.
Округ сайлов комиссияси раиси А.Сатторов меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ комиссияси фаолияти ва унинг ваколатлари, вилоятда ташкил этилган сайлов участкаларидаги тайёргарлик ишлари ҳақида сўзлаб берди.
Жиззах вилоятида ташкил этилган 463 сайлов участкасининг барчаси сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда зарур жиҳозлар, техник воситалар ҳамда адабиётлар билан таъминланган. Президентликка номзодлар билан сайловчиларнинг учрашувлари ташкил этилаётир. Номзодларнинг ишончли вакиллари сайловчилар ўртасида ташвиқот олиб бормоқда.
Округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланган. Улар жамоатчилик орасида обрў-эътиборга ҳамда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тажрибага эга фуқаролардан иборат. Сайловчилар рўйхати шакллантирилиб, кўринарли жойларга илиб қўйилган. Сайлов участкаларидаги она ва бола, тиббиёт хоналари барча зарур жиҳозлар билан таъминланган.
Кузатувчилар сайловолди ташвиқотининг бориши, Президентликка номзодлар учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш бўйича яратилган шароит ва имкониятлар, Жиззах шаҳридаги 23- ва Ғаллаорол туманидаги 394-сайлов участкаларида сайловга кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари билан ҳам танишди.
Манба: ЎзА