Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро пресс-клубда «Олий таълим: янги истиқболлар» мавзусида анжуман ўтказилди
2017-06-09 | Таълим
Халқаро Пресс-клубда жорий йил 7 июнь куни Ўзбекистон олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва 2017-2018 ўқув йили учун абитуриентлар қабулига бағишланган «Олий таълим: янги истиқболлар» мавзусида анжуман ўтказилди. Унда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Иномжон Мажидов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат Тест Маркази директори Мажид Каримов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов, Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов, Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Тўйчиев, Тошкент давлат юридик университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Мансурхон Камоловлар чиқиш қилишди.
Анжуманда Ўзбекистон Президенти томонидан 2017 йил 20 апрелдаги 2909 сонли «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилингани ҳамда унинг моҳияти алоҳида қайд этилди. Олий ўқув юртлари олдига жаҳоннинг етакчи илмий-таълим даргоҳлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, минтақа талаблари ва кадрлар тайёрлаш орасидаги алоқани муносиб таъминлаш, педагог кадрларнинг касб маҳорати сифати ва савиясини узлуксиз юксалтириш, ОТМ илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш каби масъулиятли вазифалар қўйилгани маълум қилинди.
Қайд этилдики, қабул квотаси ўтган йилга нисбатан деярли 10 мингтага, 57 907 дан 66 316 тага кўпайтирилди. Шунингдек, тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул жорий этилмоқда. 2016 йилда тахминан 663 минг киши ОТМларга ҳужжат топширган бўлса, бу йили абитуриентлар сони 700 мингдан ортиқ бўлиши кутилмоқда. ОТМ талабалари сонини кўпайтириш, ўз ўрнида, етук маънавий ва интеллектуал салоҳият ва мустақил фикрга эга қилиб тарбиялаш орқали давлат ёшлар сиёсатини амалга оширишда ёрдам беради.
Шу йилнинг 5 май куни Ўзбекистон республикаси Президентининг «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида» ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда бир қатор янгиликлар мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, тўлов-шартнома пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул жорий этилиши айтилди. Анжуманда 68 балл ва ундан камроқ балл олганларнинг қўшимча шартнома бўйича ўқиш масаласи ҳам кўтарилди.
Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Иномжон Мажидов томонидан қайд этилдики, квотадан ташқари қабулда олий таълим муассасасининг имкониятларидан келиб чиқилади. Бунда биринчи шарт - олий таълим муассасасида қўшимча қабул учун имконият бўлиши керак. Иккинчидан эса, ўша белгиланган суммани тўлаш имконияти мавжуд бўлиши масаласи бор. 68 балл олди - талаба бўлди дегани эмас. Нега? Масалан, олий ўқув юртларида 1 баллни олсак, шу 1 баллнинг ўзини ичида бир ОТМда 50 абитуриент, бошқасида эса 2 нафаргина ўтирган бўлиши мумкин. Суперконтрактни белгилашда биринчи қадам 1,5-2-2,5 баробар ва ҳ.к. тартибда кетади.
Маълум қилинишича, ҳозирда бакалавр босқичига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш бўйича ишлар бошланган. Шундан келиб чиқиб янада аниқ маълумотлар берилади.
Анжуманда таълим сифати масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси очилади. Идоранинг асосий мақсади — таълим ва ўқув-тарбия жараёнлари сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатишдир», — деди И.Маджидов.
Шунингдек, таълим муассасалалари ўртасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида хорижий таълим муассасалари билан биргаликда «икки диплом» (Доубле Дегреэ) интеграцияланган магистрлик дастурлари, иқтидорли ўқитувчилар учун академик ҳаракатлар (Аcадемиc Мобилитй Програмс) лойиҳаларини жорий этиш, шунингдек, 1 семестр давом этувчи талабалар алмашинуви (Студент Эхчанге анд Мобилитй Програмс)ни йўлга қўйиш таклиф этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат Тест Маркази директори Мажид Каримов журналистларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилиш мақсадида ўтказиладиган тест синовларига доир саволларига жавоб берди. Абитуриентлар ҳужжатларининг 15 июньдан 15 июльга қадар қабул қилиниши мазкур жараёнга талаб даражасида тайёргарлик кўриш ва самарали ўтказиш учун бир қанча қулайликлар яратилиши таъкидлаб ўтилди.
Мулоқот жараёнида 2017 2018 ўқув йилидаги ОТМларга қабул жараёнидаги шаффофлик масаласи кўтарилди. Таъкидландики, Тошкент ахборот технологиялари университети томонидан абитуриентларнинг кириш имтиҳонларига қўйилишида бармоқ излари сканери технологияси синовдан ўтказилади.
Шунингдек анжуманда ҳар бир абитуриентнинг бу жараёндан ўтишининг ўзига камида 20 сония вақт кетиши ва агар шу каби техник муаммолар бартараф этилса, мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди.
Ўзбекистон Миллий университет ректори Авазжон Мараҳимов ҳам бу борада амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди: "Университетда Тошкент ахборот технологиялари университети билан биргаликда янги технологияларни жорий қилишга киришилди. Бу ерда дастурий воситаларнинг ишончлилиги, хавфсизлиги масалалари ҳам бор - уларни ҳал қилмай, кейинги босқичга ўтиб бўлмайди. Биз абитуриентнинг юзидан танишга мўлжалланган сканерни синовдан ўтказдик. Бу технология 1 1,5 сонияда шахсни тасдиқлаб бера олади. Биз жорий йилдан бошлаб ана шу технологияни амалда қўллаб кўрмоқчимиз. Яна бир янгилик, жорий йилда Ўзбекистон Миллий университети ҳудудида бепул wи-фи ўрнатилади, у университетнинг бутун ҳудудини қамраб олади.
Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов университетга Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номи берилганлиги университет жамоаси учун юксак шарф бўлгани ҳолда, катта масъулият ҳам юклашига тўхталиб ўтди. Шундан келиб чиққан ҳолда, қабул жараёнига тайёргарлик ишларининг бориши тўғрисида ахборот берилди”.
Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Тўйчиев тиббиёт олий таълим муассасаларига қабул квоталари ва таълим йўналишлари, ўқиш давомийлиги каби ўзгаришларга тўхталиб ўтди.
Тошкент давлат юридик университети проректори Мансурхон Камолов университетга қабул квотаси оширилгани, хорижий абитуриентларни қабул қилиш хусусиятларига эътиборини қаратди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирилган барча саволларга атрофлича жавоб берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги