Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Машҳур хонанда Андреа Бочелли Тошкентда
2017-06-09 | Маданият
Дунёда минглаб санъаткорларнинг миллионлаб куй-қўшиқлари бор. Аммо йиллар ўтса-да унутилмайдиган, ёшу қари севиб тинглайдиган ва жўр бўлиб куйлайдиган қўшиқлар саноқли.
...Бу қўшиқ сизга таниш. Уни кўп тинглагансиз, эҳтимол қўшилиб куйлагансиз. Сўз италиялик машҳур санъаткор Андреа Бочеллининг «Con te partirò/Time to Say Goodbye» (1996 йил) номли қўшиғи ҳақида кетмоқда. Дастлаб 12 миллион нусхада тайёрланган ушбу сингл дунёда энг кўп сотилган мусиқий асарлардан бири. Бу композиция мамлакатимиздаги маданий тадбирларда, жумладан, Мустақиллик ва Наврўз тантаналарида ҳам кўп бор янграган.
Шу каби ўлмас қўшиқлар муаллифи ва ижрочиси Андреа Бочелли мамлакатимизга ташриф буюрди. 8 июнь куни “Истиқлол” санъат саройида машҳур тенорнинг концерти бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори маданият йўналишида ҳам халқаро ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Ёш авлоднинг дунёқарашини кенгайтириш, халқимизни жаҳон мусиқаси намуналаридан баҳраманд этиш мақсадида машҳур санъаткорларнинг концертлари ташкил этилмоқда.
– Севган машғулотинг билан шуғулланиш эмас, шуғулланаётган машғулотингни севиш муҳимроқ, – деди Андреа Бочелли. – Бунга ўз ҳаётим давомида амин бўлганман. Ёшлигимда мендан яна қайта куйлаб беришимни илтимос қилишганида бу соҳа менинг тақдирим эканини тушуниб етганман. Санъат туфайли шу даражага етдим. Ўзбекистонга сафарим давомида мамлакатингиз маданияти билан танишиш истагидаман. Халқингизга тинчлик-фаровонлик тилайман.
Андреа Бочелли классик ва замонавий қўшиқларни ижро этувчи машҳур тенорлардан бири. 1958 йилда Италиянинг Тоскана регионида таваллуд топган санъаткор болалигидан фортепьяно, флейта ва саксофон чалишга қизиққан. Пиза университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Аммо операга бўлган қизиқиши устун келиб, италиялик опера ижрочиси Франко Кореллидан вокал бўйича таҳсил олган. 1994 йили Сан-Ремодаги илк концерти унга муваффақият келтирган.
А.Бочелли Германия, Нидерландия, Испания, Франция каби кўплаб мамлакатларда концертлар бериб, миллионлаб мухлислар меҳрини қозонган. Мисли йўқ лирик, кучли ва ёқимли овоз соҳибининг репертуаридан “Macchine da guerra”, “Per amore”, “Ave Maria”, “Canto della Terra”, “Melodramma” каби яккахон сингллар, “Vivo per lei”, “The Prayer”, “Somos Novios”, “Because We Believe”, “What Child Is This”, “Bridge over Troubled Water” каби дуэтлар, “Богема”, “Трубадур”, “Вертер”, “Кармен”, “Андрэ Шенье” каби опералардаги ариялар жой олган.
Андреа Бочелли “Италия Республикаси олдидаги хизматлари учун”, “Санъат, илм-фан ва дунё”, “Merit of Duarte, Sanchez and Mella” каби нуфузли орденлар, қатор халқаро мукофотлар совриндоридир.
– Мамлакатимизда дунёнинг машҳур санъат усталари концертлари тез-тез ўтказилаётганидан хурсандмиз, – деди тошкентлик Гулнора Ҳасанова. – Андреа Бочеллининг қўшиқларини севиб тинглайман. Машҳур тенор овозини жонли эшитиш, жаҳон даражасидаги концертда иштирок этишнинг завқи бўлакча экан. Халқимизга шундай имкониятлар яратиб бераётгани учун тадбир ташкилотчиларидан миннатдормиз.
Италиялик яна бир опера ва эстрада куйчиси Алессандро Сафинанинг чиқиши ҳам томошабинлар учун кутилмаган совға бўлди. У Ўзбекистонга яна келганидан мамнун эканини, севимли хонандаси Андреа Бочелли билан илк бор бир саҳнада куйлаш бахтига Тошкентда муяссар бўлгани бежиз эмаслигини таъкидлади.
Концертда А.Бочелли машҳур опера ариялари ҳамда ўзининг энг оммабоп қўшиқларидан ижро этди. Дастур санъат ихлосмандларида унутилмас таассурот қолдирди.
Манба: ЎзА