Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дастур ижроси ва жамоатчилик назорати
2015-03-13 | Жамият
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастури ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролига бағишланган анжуман ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ахборот хизматлари раҳбарлари, марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси И.Ҳалимбеков, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси А.Каримов ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар кучли ижтимоий йўналтирилгани, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини кўзлаши билан алоҳида аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қатор қонунлар, давлат дастурлари ёши улуғ юртдошларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда шифо масканлари, сиҳатгоҳлар, спорт-соғломлаштириш мажмуаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, уларни замонавий мебель, тиббиёт ускуналари билан таъминлаш, соҳа ходимларининг малака ва маҳоратини юксалтириш, уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионерлар, алоҳида эҳтиёжли кишиларга тўланадиган ижтимоий тўлов ва нафақалар таъминотини вақтида амалга ошириш юзасидан тизимли ишлар бажарилмоқда.
«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, фахрийларнинг саломатлигини асраш, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, бу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатларни давр руҳига ҳамоҳанг тарзда йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбирда «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратини самарали ўрнатиш, бунда ижтимоий адолат тамойилларига таянилишида оммавий ахборот воситаларининг холис ва ҳаққонийлигини, жараёнга чуқур таҳлилий асосда ёндашувини таъминлашга оид вазифалар белгилаб олинди.
Манба: ЎзА