Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда хорижий инвесторлар иштирокида учта минерал ўғит кони ўзлаштирилади
2017-06-09 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва унинг тизимидаги ташкилотлар ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикаси минерал ўғитларининг инвестиция имкониятлари» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Мамлакатимизда кўплаб фойдали қазилмалар мавжуд. Мустақиллик йилларида 4 янги минерал ўғит кони очилган. Улардан учтаси фосфорит, биттаси калий тузи кони бўлиб, бу конларни ўзлаштириш эвазига қишлоқ хўжалигининг минерал ўғитларга бўлган талабини тўлиқ қондириш ва экспорт қилиш имконияти кенгайгани алоҳида таъкидланди.
– Мамлакатимизда яратилган қулай инвестициявий муҳит соҳага инвесторлар қизиқишининг ортишида муҳим омил бўлмоқда, – дейди Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси бошқарма бошлиғи Қодиржон Мингбоев. – Ўтган йили хорижий инвесторларга қаттиқ фойдали қазилма конлари қаторида ўзлаштиришга тайёр бўлган 3 минерал ўғит кони таклиф этилди. Ер қаърини комплекс тарзда геологик ўрганишнинг янги усулларини қўллаш, йирик инвесторларни жалб қилиш табиий бойликларимизнинг саноат миқёсида ўзлаштирилишига хизмат қилади.
Матбуот анжуманида мамлакатимизда табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш, фойдали қазилмаларни излаш, қидириш ва чамалаш ишларини олиб боришда янги технологиялар ёрдамида геология-қидирув ишлари олиб борилаётгани қайд этилди.
Анжуманда журналистларнинг саволларига мутахассислар жавоб қайтарди.
Манба: ЎзА