Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Махтумқули юртидан наволар
2017-06-08 | Маданият
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Махтумқули ижодига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
"Махтумқули юртидан наволар" деб номланган мазкур тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос ва тилшунос олимлар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи, Ҳ.Даминов, адабиётшунос олимлар З.Исомиддинов, Э.Очилов ва бошқалар халқларни бир-бирига янада яқинлаштириш, ўзаро қардошлик ва дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодкор зиёлиларнинг ҳамкорлигини кучайтиришда адабиётнинг таъсири катта эканини таъкидлади.
Президентимизнинг шу йилнинг март ва май ойларида Туркманистонга ташрифлари тили, маданияти ва урф-одатлари ўхшаш бўлган икки қардош халқ ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда янги саҳифа очди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, улуғ туркман шоири Махтумқули ижоди инсонпарварлик, халқпарварлик, ватанпарварлик ғоялари билан йўғрилган. Махтумқули шеъриятида ҳаётий фалсафани теран акс эттириш, Ватан, мардлик, олижаноб инсоний фазилатларни улуғлаш устувор ўрин тутади. Шоир ижоди ҳаётий кечинмаларни панд-насиҳатлар, ҳикматлар орқали ифодалаши билан катта тарбиявий аҳамият касб этади.
Тадбирда шоир шеърлари билан куйланувчи қўшиқлар ижро этилди.
Манба: ЎзА