Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Нуриллабой» тарихий мажмуаси – аждодлар мероси
2017-06-08 | Маданият
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимиздаги барча тарихий шаҳарлар қатори Хива шаҳрининг ҳам тарихий-меъморий ва туризм салоҳияти изчил ривожлантирилмоқда. Ҳудуддаги бебаҳо маданий ёдгорликлар асл қиёфасини йўқотмаган ҳолда таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 майда “Хоразм вилоятидаги «Нуриллабой» тарихий мажмуасини реконструкция ва реставрация қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши юртдошларимиз кўнглидаги гап бўлди.
Қарорда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги «Нуриллабой» тарихий мажмуасига кирадиган бинолар ва қурилмаларни келгусида уларни қайта таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш, маҳаллий шароитларга асосланган ресторан, қабуллар уйи, галерея, амфитеатр ва ҳунармандлар кўргазмаси билан бирга устахоналарини ташкил қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига истисно тариқасида, ижара тўловининг ноль ставкаси бўйича ижарага бериши белгиланган.
Шу билан бирга Хоразм вилояти ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси билан биргаликда «Нуриллабой» ва «Ичан қалъа» тарихий мажмуалари ўртасидаги автомобиль йўлларини капитал таъмирлашни белгиланган тартибда таъминлаш топширилди.
Бу борадаги ишлар аждодларимизнинг бой тарихий мероси, маданияти ва санъати намуналарини асраб-авайлаш, халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳиятини дунё жамоатчилигига кенг намоён этишга хизмат қилади.
Манба: ЎзА