Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хусусий тиббий хизмат такомиллашмоқда
2017-06-08 | Жамият
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида хусусий секторни янада ривожлантириш, жумладан, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳолига сифатли хизмат кўрсатиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжатда хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий ва амалий механизмларини янада такомиллаштириш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шароитлар яратиш, тармоқнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган масалаларни тизимли ҳал этиш чора-тадбирлари белгиланган. Хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор томонидан кўрсатилаётган хизмат турлари янада кенгайтирилди. Шу пайтга қадар хусусий тиббиёт муассасаларига 177 турдаги тиббий хизматларнинг атиги 50 тасига рухсат этилган бўлиб, қолганлари тақиқланган эди. Қарорга биноан уларга тиббий хизматларнинг деярли барча тури бўйича хизмат кўрсатишга рухсат берилди. Улар қаторига кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, анестезиология ва реаниматология, гельминтология, интервицион кардиология, иммунобиологик ва иммунофермент ташхис қўйиш, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик, тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар киритилди. Бу имконият аҳоли, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган беморлар учун катта қулайлик яратади.
Навоий вилоятида 114 хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган.
Навоий шаҳридаги “Навоий кардиосервис” даволаш диагностика маркази асосан юрак хасталиги билан оғриган беморларга ташхис қўйиш ва даволаш йўналишида тиббий хизмат кўрсатмоқда. Замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган марказнинг 15 ўринли стационар даволаш хоналари аҳоли хизматида.
– Марказдаги замонавий ЭКГ аппарати юрак хасталигининг оғир кўринишларини эрта аниқлашда муҳим омил бўлмоқда, – дейди олий тоифали шифокор кардиолог Ўткир Баҳронов. – Юрак соҳасида яширин кечаётган касаллик ўчоғини топиш ва ўз вақтида муолажа қилишда xолтер тиббий ускунасидан кенг фойдаланилаётир. Марказ лабораториясини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва турини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тармоқ ривожи учун яратилаётган шароитлар, берилаётган солиқ имтиёзлари бунда муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги қарори билан берилган солиқ имтиёзлари ҳам хусусий тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бўшаган маблағлар уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, инвентар ва бошқа буюмлар харид қилиш, янги бинолар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилишга мақсадли йўналтирилади.
Манба: ЎзА