Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Суд тизими ривожига хизмат қилади
2017-06-08 | Жамият
Мамлакатимизда суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар давом этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди.
– Одил судлов соҳасидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда суд тизими такомиллаштирилмоқда, – дейди Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директори вазифасини бажарувчи Баҳодир Юсупов. – Судларни моддий-техник жиҳатдан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш тизими яратилгани суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига мос келади.
Мазкур департамент судларни моддий-техник жиҳатдан ва молиявий таъминлаш борасида изчил иш юритмоқда. Судлар фаолияти учун зарур шароитларни яратиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини моддий ва ижтимоий таъминлашни ташкил этиш алоҳида эътиборда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ишини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан департаментнинг асосий вазифалари янада аниқлаштирилди.
Ушбу вазифалар аввал Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник жиҳатдан ва молиявий таъминлаш департаменти томонидан амалга ошириб келинган. Эндиликда бу вазифалар Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари зиммасига ўтказилди. Бу суд органининг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашга ҳамда судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилади.
Қарорга асосан соҳада тизим фаолиятини изчил ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, тизим олий маълумотли, иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдирилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳарбий, хўжалик судлари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техник жиҳатдан ва молиявий таъминлаш департаменти тасарруфида бўлган фуқаролик ҳамда жиноят ишлари бўйича судларнинг моддий қимматликлари, активлари ва мажбуриятлари Олий суд ҳузуридаги департамент балансига берилди.
Юқорида номи қайд этилган фармонга мувофиқ 2017 йил 1 июндан мамлакатимизда иқтисодий ва маъмурий судлар иш бошлади. Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан янгидан ташкил этилган судларнинг самарали ишлашини ташкил этиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Уларни компьютер техникаси, алоқа воситалари, дастурий таъминот, мебель билан жиҳозлаш ҳамда бошқа барча турдаги моддий-техник эҳтиёжлар таъминланаётир.
Келгусида судларнинг замонавий биноларда, яъни суд ходимлари ва фуқаролар учун барча қулайликлар мавжуд жойда фаолият юритиши учун комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилади. Суд тизими ходимларининг ижтимоий ҳимоясини, уларни зарур шароит, хусусан, уй-жойлар билан таъминлаш ишлари амалга оширилади.
Бу каби чора-тадбирлар суд органининг чинакам мустақилиги ва дахлсизлигини таъминлашга ҳамда судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини оширишга хизмат қилади. Пировардида бу фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тез ва сифатли таъминланишига замин яратади.
Манба: ЎзА