Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пойтахтимизда Александр Пушкин таваллудининг 218 йиллиги кенг нишонланди
2017-06-07 | Маданият
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори маданий жабҳада ҳам изчил ривожланмоқда. Халқларимиз ўртасидаги дўстлик мустаҳкамланиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи бу муносабатларни янги босқичга кўтарди.
Мамлакатимизда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаётгани, уларнинг миллий байрам ва маросимлари нишонланаётгани, тили, адабиёти кенг ўрганилаётгани ана шу инсонпарвар сиёсат самарасидир. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги хиёбонида Александр Сергеевич Пушкин таваллудининг 218 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда бу яна бир бор яққол намоён бўлди. Эрта тонгдан бу сўлим гўшага турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари, дипломатик корпус вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ўқитувчилар, ёшлар тўпланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев, Рус миллий маданият маркази раҳбари А.Аристов ва бошқалар ёшларни умумбашарий руҳда тарбиялашда, жамиятда аҳиллик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда адабиёт муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Ўзбек ва рус халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда адабиёт ва санъатнинг алоҳида ўрни бор. Россияликлар ўзбек алломалари, шоирларини яхши билади, Ўзбекистонда рус тили ва адабиёти ўрганилади. Москва шаҳрида Алишер Навоийга, Тошкентда Александр Пушкинга ҳайкал ўрнатилган.
Пушкин ижодини ўзбек китобхонлари болалигидан бошлаб ўқийди. Инсон эрки, шаъни, муҳаббати олий қадрият экани улуғ шоир асарларининг асосий мазмунини ташкил этади.
Эрксевар шоир ижодий фаолияти рус маданияти, адабий тили ривожига бениҳоя катта ижобий таъсир кўрсатган, реализм, халқчиллик тамойиллари, кўплаб шеърий жанрларнинг шаклланишида муҳим ўрин тутган. Ойбек, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби ижодкорларимиз таржималари орқали Пушкин шеъриятини она тилимизда ўқимоқдамиз.
Пушкин ҳайкали қад ростлаган ҳудуднинг Халқлар дўстлиги, унга туташ боғнинг "Дўстлик боғи" деб аталиши буюк шоир ижодига, унинг ҳаётий қарашларига ҳамоҳангдир.
Анжуманда Пушкин шеърларидан намуналар ўқилди.
Йиғилганлар шоир ҳайкали пойига гуллар қўйди.
– Ўзбекистонда Пушкин таваллуди куни кенг нишонланиши яхши анъанага айланган, – дейди Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев. – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Пушкин ҳайкалининг ушбу файзли хиёбонда қад ростлагани Ўзбекистонда миллатлараро дўстликни, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни тобора мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
– Шеърият байрамига айланган ушбу тадбирда турли миллат ва элат вакиллари иштирок этаётганининг ўзи Пушкин ижодига бўлган эҳтиромнинг амалий кўринишидир, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри солисти Руслан Гафаров. – Бу шеъриятни нозик ва теран ҳис этувчи Ўзбекистон халқининг адабиётга бўлган меҳри ва эътиборининг ёрқин намунаси.
– Юксак инсоний фазилатлар, ҳаётга, Ватанга, ўз халқига муҳаббат Алишер Навоий ва Пушкин ижодида бирдай тараннум этилган, – дейди Рус миллий маданият марказининг Янгийўл шаҳри бўлинмаси вакили, адабиёт ўқитувчиси Любовь Шербакова. – Ҳар икки шоир ижодида миллат руҳияти ғоят теран ифодаланган.
Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри санъаткорлари, Рус миллий маданият маркази қошидаги бадиий жамоа томонидан мусиқий композиция намойиш этилди.
Мамлакатимиз бўйлаб пушкинхонлик тадбирлари, мушоиралар, маърифий анжуманлар давом этмоқда.
Манба: ЎзА