Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизими такомиллашмоқда
2017-06-07 | Жамият
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ҳарбий таълим тизимининг самарадорлигини ошириш мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтиришнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мазкур тизим бугунги кунда ҳарбий хизматчиларга таълим бериш, профессионал жиҳатдан қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, педагогик ва илмий кадрлар тайёрлаш масалаларида муҳим аҳамиятга эга.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида барча бўғиндаги профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълим жараёнига энг янги усул ва технологияларни жорий этиш, ўқув аудиторияларини замонавий тренажёрлар, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозлаш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган. Мазкур вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун номзодларни танлаб олиш бўйича қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимига янгиликлар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 майдаги қарорига асосан Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришнинг ягона танлов тизими жорий этилди. Бу тизим тест синовлари натижалари бўйича энг юқори балл тўплаган номзодлар орасидан олий ҳарбий таълим муассасаларини тўлдириш имконини беради.
– Тизимда ўтказилаётган бундай ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – олий ҳарбий таълим муассасаларига фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ўзлаштирган, интеллектуал салоҳиятли, жисмонан бақувват ва соғлом ёшларни саралаб олишдан иборат, – дейди Мудофаа вазирлиги Ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳасан Халилов. – Бу миллий армиямизни малакали ва етук кадрлар билан таъминлаш, Қуролли Кучлар салоҳиятини янада ошириш ва мудофаа қудратини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Анжуманда мутахассислар ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимига киритилаётган янгиликлар ва ўзгаришлар хусусида маълумот берди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Манба: ЎзА