Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Акмал Саидовнинг Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашуви
2015-03-13 | Сиёсат
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов 12 март куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 4-Жиззах округ сайлов комиссияси раиси А.Сатторов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Б.Мамажонов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Акмал Саидов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда миллати, дини, ижтимоий ҳолати ва келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи, барча фуқароларнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Мамлакатда диний, миллий ва маданий бағрикенглик муҳитини асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиш, Ўзбекистон халқининг тарихи, маънавий-маданий меросига доир адабиётларни нашр этиш билан шуғулланаётган муаллифлар, босмахоналар, нашриётларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, уларга солиқ ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар бериш юзасидан устувор вазифалар белгиланган.
Учрашувда "Миллий тикланиш" демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши раиси Ғ.Қодиров, партия вилоят ташкилоти девони раҳбари С.Назарқосимов ва бошқалар номзоднинг дастурида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўппартиявийлик асосида ўтаётганини қайд этиб, сайловчиларни 29 март куни ўтказиладиган сайловда фаол иштирок этишга чиқирди.
Манба: ЎзА