Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Андижондаги йиғилишда долзарб вазифалар белгилаб олинди
2017-06-05 | Жамият
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Андижон вилояти имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказдилар. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Андижон вилояти бош имом-хатиби Н.Холиқназаров ва вилоятдаги масжид имом-хатиблари қатнашди.
Йиғилишда Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда муқаддас Рамазон ойи юқори кайфиятда ўтиши, таровиҳ намозлари ва хатми Қуръонлар ўқилиши тўғрисида алоҳида тўхталдилар. Жумладан, ҳазрат ўз нутқларида:
– шу кунларда она-Ватанимизда ҳидоят ва тўғри йўлга бошловчи Қуръони карим нозил бўлган ой – Рамазони шариф меҳмон бўлиб турибди. Муборак ойнинг ташрифи диёримиз аҳлига олам-олам қувонч бахш этди. Буни мўмин-мусулмонларнинг юз-кўзларида, жоме масжидларимизда бўлаётган хатми Қуръонларнинг файзу тароватида ҳам яққол кўриш мумкин, деб сўз бошладилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари уламо ва имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида алоҳида тўхталдилар. Жумладан, муфтий ҳазратлари ёшлар тарбияси долзарб масала эканига йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини қаратдилар. Бунда ўсмир-ёшларни тартиб-интизомга ўргатиб бориш, муҳтарам имом-хатибларимиз ўқувчи-талабаларнинг дарсларга қатнашиш давомати билан қизиқиб, уларга моддий-маънавий ёрдам бериш, панду насиҳат қилиш орқали ёшларнинг дарсга қатнашини яхшилаш зарур эканини таъкидладилар.
Жамиятда учраб турган ўз жонига қасд қилиш масаласига тўхталган Муфтий ҳазратлари суиқасд ҳеч қандай бандани ҳеч қандай муаммодан қутқарадиган чора эмаслигини, аксинча, балолар гирдобига отишини халқ орасида таъсирчан усулларда тушунтириш даркорлигини айтар экан, айрим имом-хатиблар шундай оғир гуноҳга қўл ураётган кишиларни муқаррар ўлимдан сақлаб қолгани, сиртмоқнинг тагидан чиқариб олганини сўзлаб бериб, барча имом-хатиблар ва уларнинг ноибларини шундай жонкуяр ва сергак бўлишга даъват этдилар.
Муфтий ҳазратлари, имом-хатиблар адашган оқимларга мойиллиги бўлган шахслар билан бирма-бир мулоқот қилиб, уларга ақидапараст оқимларнинг нотўғри ва янглиш эътиқодларини Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламоларнинг қувватли далиллари асосида тушунтириш ишларини янада жадаллаштишни топширдилар. Шунингдек, бундай кишиларни жамиятга қайтариш, уларнинг одамлардан ажраб қолмасликлари чорасини кўриш лозимлиги, ўзининг қилган ишидан пушаймон бўлиб, афсус-надомат чекаётганларига руҳий тасалли бериб, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишларига кўмаклашиш зарурлигини таъкидладилар.
Ер юзининг баъзи минтақаларида табиий офатлар сабабидан, яна бошқа ҳудудларда эса тўс-тўпалонлар боис шаҳарлар вайрон бўлиб, қанчадан-қанча одамлар ҳалок бўлаётган бир даврда юртимиздаги файзли, осойишта кунлар ва муҳтарам Президентимиз томонларидан дин соҳасида олиб борилаётган улкан хайрли ишлар учун Яратган Парвардигорга чексиз ҳамдлар айтиш кераклигини Муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазратлари мана шундай шукуҳли кунларимиз тинчлик-хотиржамлик сабабидан экани, халқимизга ана шу буюк неъматнинг шукронасини қилиб ҳаёт кечириш, тинчлигимизнинг бардавом бўлиши учун ҳар биримиз ҳушёр ва огоҳ бўлмоғимиз зарурлигини таъкидлаб, ҳар бир жабҳада имом-хатибларимиз янада фаол бўлишига чақирдилар.
Йиғилиш ишчан кайфиятда ўтди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита