Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дунё шахматчилари Тошкентда баҳслашмоқда
2015-03-12 | Спорт
Пойтахтимизда биринчи ўзбек гроссмейстери Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган шахмат бўйича "Тошкент опен" IX халқаро турнири бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда мамлакатимиз шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур мусобақадан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида шахматни янада оммалаштириш, спортчиларимизнинг халқаро тажрибасини ошириш, ўзбек шахмат мактаби имкониятлари ва салоҳиятини кенг тарғиб этишдан иборат.
Мусобақанинг очилишида мамлакатимизда навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли этиб вояга етказиш, спортнинг барча турлари қатори шахматни изчил ривожлантиришга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик самарасида ўзбек шахмат мактаби вакиллари нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётгани таъкидланди.
Бугун ўзбек шахматчилари барча нуфузли мусобақалар – қитъа ва жаҳон чемпионатлари, халқаро турнирларда мунтазам юқори ўринларни эгаллаб, мамлакатимизда вояга етаётган авлод дунёда ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини амалда исботлаб келмоқда.
2014 йилги спорт мавсуми шахматчиларимиз учун ғалабаларга бой бўлди. Вьетнамда ўтказилган халқаро турнирда ўзбек қизлари ўртасида биринчи халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова олтин медални қўлга киритди, Россияда ўтган турнирда иккинчи ўринни эгаллади. Бирлашган Араб Амирликларда ўтказилган Осиё шахмат федерацияси йиғилишида ҳамюртимиз Баҳора Абдусатторова Осиёнинг энг яхши ёш шахматчиси, деган юксак эътирофга сазовор бўлди.
Грециянинг Кавала шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатида ака-ука Исломбек ва Жавоҳир Синдоровлар иккитадан олтин медаль билан тақдирланди. Улар Бразилияда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам тажриба ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлади. Тўққиз ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Жавоҳир Синдоров олтин, етти ёшгача бўлган болалар ўртасидаги баҳсларда Исломбек Синдоров бронза медалга сазовор бўлди. Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида шахмат бўйича 8-18 ёшли ўғил-қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг ўн ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида қатнашган Нодирбек Абдусатторов кумуш медални қўлга киритди.
Пойтахтимизда шахмат бўйича 12 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ҳамюртларимиз 6 олтин, 4 кумуш ва 4 бронза медаль жамғарди.
– Ўзбекистон – шахмат жадал ривожланаётган мамлакатлардан, – дейди мусобақа бош ҳаками Ҳешам Элгендий (Миср). – Ўзбек спортчилари жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда салмоқли ютуқларга эришмоқда. Бу Ўзбекистон шахматининг ёрқин келажагидан далолат беради.
Бу йилги халқаро турнирда мамлакатимиз шахматчилари билан бирга Франция, Испания, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Арманистон, Украина, Қозоғистон, Тожикистон ва Афғонистон каби давлатлардан юз нафарга яқин шахматчи ғолиблик учун дона сурмоқда. Марат Жумаев, Алексей Барсов, Жўрабек Ҳамроқулов, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир ва Исломбек Синдоровлар, Нодира Нодиржонова, Сарвиноз Қурбонбоева, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Баҳора Абдусатторова каби иқтидор эгалари мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Манба: ЎзА