Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Табиат байрами – ҳаёт байрами
2017-06-04 | Экология
Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи қатор ташкилотлар билан бирга ташкил қилган тадбирда парламент аъзолари, Экоҳаракат фаоллари, дипломатик корпус вакиллари, ёшлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б.Алихонов, Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дато Норайни бинти Абд Ҳамид, Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев ва бошқалар истиқлол йилларида Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси шакллантирилгани, бугун мазкур соҳада давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш, экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлигига зарарли таъсирининг олдини олиш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 21 апрелдаги "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони бу борада дастуриламал бўлмоқда.
1972 йил 5 июнда Стокгольм шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атроф-муҳитга бағишланган конференциясида халқаро ҳамжамият эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоларига қаратиш ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш тўғрисидаги ҳужжат қабул қилинган. Шундан буён дунёнинг қатор мамлакатларида ушбу санага бағишлаб турли тадбирлар, жумладан, “яшил” концертлар, кўрик-танловлар, боғлар яратиш, шунингдек, атроф-муҳит тозалигига қаратилган турли экологик акциялар ўтказилади. Бу жараёнда Ўзбекистон Экологик ҳаракати атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик таълим-тарбияни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, жамоат экологик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида изчил иш олиб бораётир.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Халқ таълими вазирлиги ва “Тонг юлдузи” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Онажоним табиат” ижодий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган, табиат манзараларини тараннум этувчи расмлар билан бойитилган 100 га яқин иншо, шеър ва расмлар орасидан саралаб олинган ижодий ишлар муаллифлари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Пурвиқор тоғлар, бепоён қир-адирлар, яйловлар, фасллар таровати акс этган суратлар чизишни ёқтираман. Бугун ана шу расмларим билан мазкур кўрик-танловда ғолиб чиқдим, – дейди Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 43-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Моҳинур Низомова. – Орзум – рассом бўлиш, Ўзбекистонимиз табиатининг гўзаллигини дунёга танитишга ҳисса қўшиш.
Бугун кескин иқлим ўзгаришлари инсониятни жиддий ташвишга солмоқда. Ушбу муаммонинг олдини олиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш борасида мамлакатимизда ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига турли соҳадаги бўлғуси мутахассислар эътиборини жалб этиш мақсадида Экоҳаракат қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда олий ўқув юртлари талабалари ва магистрлари ўртасида “Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя” танловини ўтказди. Тадбир доирасида ушбу танлов ғолиблари ҳам тақдирланди.
Байрам тадбирида XV Республика экожурналистика танлови, “Тиббиёт, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва экология” мавзуидаги ижодий танлов ғолиблари эълон қилиниб, уларга эсдалик совғалари топширилди.
Санъаткорлар ижросида она табиатни, олам ва одам уйғунлигини мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Манба: ЎзА