Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: одамларга муносиб шароит яратиш доимо эътиборда бўлмоғи зарур
2017-06-02 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барча жойларда шинам турар жойлар бунёд этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Бўз тумани “Чорвадор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган ана шундай уйларни бориб кўрди. Акмал ва Зилолахон Раҳмоновлар хонадонида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар, оиланинг турмуши, фарзандлар тарбияси билан қизиқди.
Ушбу маҳаллада майдони 2 сотихли, уч хонали 10 замонавий уй бунёд этилган. Уларда ётоқхона, меҳмонхона, ошхона, хўжалик бинолари мавжуд. Уйлар табиий газ, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминланган.
Шавкат Мирзиёев бундай турар жойларни кўпроқ қуриб, одамларга муносиб шароитлар яратиш доимо эътиборда бўлмоғи зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга уй-жойларни аҳоли ва замон талаблари асосида лойиҳалаштириш ва бунёд этиш юзасидан тавсиялар берди.
Манба: ЎзА