Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд "ақлли шаҳар"ларни бунёд этиш мавзусидаги халқаро семинарга мезбонлик қилмоқда
2017-06-02 | Технологиялар
Самарқандда "Шаҳарлар ва жамиятларда "интернет-буюм"ларни татбиқ қилиш" мавзусида амалий семинар иш бошлади. Семинар бевосита Халқаро электралоқа иттифоқи ташаббуси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган бош мақсад -- халқаро миқёсда "ақлли шаҳар"лар бунёд этилиши бўйича маълумот алмашиш ва ривожланиш тенденцияларини муҳокама қилиш, бу йўналишдаги тадқиқотлар билан яқиндан танишиш, шунингдек мавжуд муаммоларни ва ривожланиш истиқболларини ўрганишдан иборат.
Семинарнинг илк кунида юртимиз ва хориждан таклиф этилган экспертлар "Ақлли" мустаҳкам шаҳарларни бунёд этиш -- қарашлар, бугунги ҳолат ва истиқбол", шунингдек "Мавжуд "ақлли шаҳар"ларни бунёд этилишига оид тажриба" йўналишларида тақдимотлар қилишди. Мавзу долзарб ва ҳар ким учун қизиқ бўлгани боис, бошланишидаёқ кўчадаги об-ҳаво сингари тадбир ҳам қизиди.
Маълумки, бугунги кунда жаҳон миқёсида шаҳар ва жамиятларда илғор ахборот-коммуникация технологияларига асосланган муҳит яратишда "интернет-буюмлар"дан кенг фойдаланилмоқда. БМТнинг ихтисослаштирилган Халқаро электралоқа иттифоқи юқори технологиялар соҳасида стандартлар ишлаб чиқиш ва коммуникациянинг янги усулларини татбиқ қилиш, оммалаштириш ва ривожлантиришда халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириб боради.
Семинарда Қирғизистон, Хитой, Корея, Молдавия, БАА, Россия давлатларидан ахборот технологиялари мутахассислари, Huawei, ITU, KAIST, SC&C, Smart City Lab Moscow, TRA, UNOC каби етакчи коммуникация корпорациялари экспертлари иштирок этмоқдалар.
"Ақлли шаҳар"ларнинг АКТ-архитектураси бўйича соҳанинг етакчи экспертлари, маърузачиларни жам қилган семинар Халқаро электралоқа иттифоқининг бу йўналишда фаолият олиб борувчи тадқиқот комиссияси фаолиятини ривожлантириш ва кейинги режаларни белгилаб олишида муҳим аҳамият касб этади.
Семинарнинг иккинчи куни янада қизғин ўтиши кутилмоқда. Кун тартибидан "Ақлли" ва мустаҳкам шаҳарларда ишонч ва хавфсизлик" ҳамда "Ақлли" ва мустаҳкам шаҳарларда маълумотларни бошқариш ва менежмент" секцияларидан миллий ва хорижий экспертларнинг тақдимотлари ўрин олган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги