Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлом оила – соғлом жамият
2015-03-12 | Жамият
Термизда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан "Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг оила институтини мустаҳкамлаш масалаларини ёритиш бўйича салоҳиятини ошириш" лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари, нодавлат ташкилотлари вакиллари, таълим, тиббиёт соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Қобулова ва бошқалар оилаларда тиббий маданиятни янада юксалтириш, оналар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, саломатлигини муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
– Она ва бола саломатлиги миллат генофондини сақлашнинг муҳим омилидир, – деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Норқувват Тўраев. – Мамлакатимизда бу борада кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик одамларнинг турмуш даражасини юксалтириб, умрини узайтиришга, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайишига хизмат қилаётир. Бундай улуғвор ишларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта. Тадбирда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳамда уларнинг самаралари аниқ, содда тушунтирилиб, тажрибали мутахассислар ҳамкорлигида ушбу мавзуни мунтазам ёритиб бориш зарурлиги қайд этилди.
Давра суҳбатида Қумқўрғон туманида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг самаралари атрофлича таҳлил қилинди.
– Аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишда туман хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати туман бўлими, маҳалла фуқаролар йиғини ва бирламчи тиббиёт муассасалари ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётир, – дейди Қумқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бош мутахассиси Кумуш Худойқулова. – Ҳомиладор аёлларни ўз вақтида назоратга олиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом оилани шакллантириш масалаларига қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда.
Манба: ЎзА