Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (80, 93, 108, ва 109 моддаларига)

2017-06-02 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 23 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2017 йил 27 майда маъқулланган

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ушбу ўзгартишлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида киритилмоқда.

1 модда. 1992 йил 8 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 1, 4 модда; 1994 йил, № 1, 5 модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 3–4, 27 модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 162 модда; 2008 йил, № 12, 637 модда; 2011 йил, № 4, 100 модда, № 12/1, 343 модда; 2014 йил, № 4, 85 модда; 2017 йил, № 4, 135 модда) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:

1) 80 модданинг:

5 банди чиқариб ташлансин;

12 бандидаги «Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

2) 93 модда биринчи қисмининг 13 бандидаги ­«Ўзбекистон ­Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

3) 108 ва 109 моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«108 модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини сайлайди.

109 модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди:

1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон ­Республикасининг ­Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

2) Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

3) Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

5) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;

6) Конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;

7) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.

Конституциявий суднинг ҳужжати расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Конституциявий суднинг ҳужжати қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

Конституциявий судни ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади».

2 модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди амалдаги таркибининг ваколатлари ушбу Қонун кучга кирган пайтдан эътиборан тугатилган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 31 май

№ ЎРҚ—430

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

Поделиться